• Ishonch telefoni:230-13-73

Олтин даврнинг яна бир йили бошланди

Бугун республикамизнинг барча таълим даргоҳларида кўтаринки кайфиятда 2018/2019 ўқув йили бошланди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ҳам янги ўқув йили талабаларни тантанали кутиб олиш маросими билан бошлаш анъанага айланган.

– Талабаларни ўз факультетларига қараб университетимиздаги ҳар бир факультет бинолари олдида алоҳида-алоҳида кутиб олиш жараёнлари бўлиб ўтди, – деди университет Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Эргаш Боборажабов. – Бу йил талабаликка қабул қилинган ёшларимиз университет ҳаётига тез ва осон мослашишлари учун 5-11 сентябрь кунлари “Биринчи курс мактаби” ташкил этилган бўлиб, дастур доираси биринчи босқичда таҳсил олувчилар ўртасида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши реджалаштирилган. Жумладан, гуруҳ мураббийлари томонидан олийгоҳимиздаги яратилган шарт-шароитлар, ўқув аудиториялари, раҳбарият биноси, кутубхона, ётоқхона, тадбирлар заллари билан таништириш, қолаверса, шаҳримизнинг турли маданий ва маънавий масканларига, хусусан, театр ва музейларга саёҳатлар уюштириш кўзда тутилган.

Давлатимиз мадҳияси ва шўх-шодон мусиқа садолари остида бу йил илк бор талабалик бахтига муяссар бўлган биринчи курс талабаларининг кўзларидаги қувонч, айниқса, кишини ўзига жалб этади.

Нафақат профессор-ўқитувчилар, балки талабалар ҳам янги ўқув йили билан ўзаро бир-бирларини қутлаб, омад тилашди.

Янги ўқув йилининг илк машғулотлари “Азиз ва ягонамсан, жонажон  Ўзбекистоним!” шиори остида "Мустақиллик дарслари" ва "Маънавият соатлари" билан бошланди.

Дарсларда профессор-ўқитувчилар томонидан она Ватанимиз, истиқлол, тинч ва осойишта кунларимизнинг қадр-қиммати, ёш авлод истиқболи йўлида кўрсатилаётган бетимсол эътиборнинг моҳияти талабаларга кенг тушунтирилди.

 

 

 

05 Sentyabr 2018
Chop etish
-->