• Ishonch telefoni:230-13-73

Ўзбекистонда АҚШнинг Вебстер университети магистратура дастури очилди

Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида АҚШнинг Вебстер университети билан ҳамкорликда ТESL — “Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш” академик дастури бўйича ташкил этилаётган бир йиллик магистратура дастурининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдувахитов Абдужаббор Абдусатторович ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти, Вебстер университети халқаро лойиҳалар бўйича вице-президенти Питер Махер, олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда ЎзДЖТУ профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Бу дастур Америка университетининг Марказий Осиёдаги илк магистрлик таълим лойиҳаси ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг АҚШ билан турли соҳаларда, жумладан таълим соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил сентябрь ойида Америка Қўшма Штатларига ташрифи муҳим роль ўйнади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойидаги АҚШга давлат ташрифи чоғида имзоланган икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги шартнома стратегик аҳамият касб этди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йил июль ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Вебстер университети раҳбарияти томонидан келишув имзоланди. Мазкур келишувга асосан иқтисодиётнинг турли соҳалари учун малакали мутахассис-кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги йилдан Вебстер университети Ўзбекистонда ўзининг тўлақонли фаолиятини йўлга қўяди.

Биринчи қадам сифатида Вебстер университети ЎзДЖТУ ҳузуридаги магистратура йўналиши бўйича бир йиллик академик дастурни жорий этишни, шунингдек, 2019 йил январь ойидан Тошкент давлат Иқтисодиёт университети, Тошкент ахборот технологиялари университетида MBA дастури бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўяди.

2018–2019 ўқув йилида ЎзДЖТУ ва Вебстер университети ҳамкорлигидаги магистратура дастурида иштирок этиш учун нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барча давлатларидан талабаларнинг ҳужжат топширишлари учун имконият яратилди. Магистратурага 200 дан ортиқ талабгор ҳужжат топшириб, шулардан 125 нафари танлов асосида ўқишга қабул қилинди.

Бир йиллик магистратурада ўқитиш тўлиқ Вебстер университети ўқув дастурлари асосида амалга оширилиб, машғулотлар Вебстер университетининг малакали мутахассислари билан бир қаторда ЎзДЖТУнинг махсус танловдан ўтган профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади.

Дастур доирасида ўқишларини муваффақиятли якунлаган битирувчиларга Вебстер университетининг магистрлик дипломи берилади.

Шунингдек, тадбир доирасида ОАВ ходимлари учун пресс-конференция ташкил этилди.

05 Sentyabr 2018
Chop etish
-->