• Ishonch telefoni:230-13-73

ТАЛАБАЛИК ҲАЁТИГА МОСЛАШУВ

Мана, 2018/2019 ўқув йилини ҳам бошлаб олдик. Ҳар йилгидек, бу гал ҳам биринчи босқичга қабул қилинган ёшлар учун “Биринчи курс мактаби” тадбирлари ташкил этилди. Тадбирлар доирасида янги ўқув йилининг илк кунларида “Талабалик масъулияти” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Бунда талабалар ўқув топшириқларини бажаришда гуруҳли фаолиятни жамоавий режалаштириш, ҳамкорликда ишлаш, ўзаро мулоқотга киришиш, ўзаро ҳаракат, ёрдам ва баҳолашга тайёргарликларини намойиш қилишди. Тренинг давомида турли методлар, жумладан, кластер, тоифалаш, концептуал жадваллар ва кейслар билан ишлаш, шунингдек, ўз фикрларини тизимли баён этиш, суҳбатга киришиш, қоидага риоя қилган ҳолда баҳс олиб бориш, стол атрофида музокара олиб бориш каби қатор кўникмаларни ўзлаштиришди.

Олий таълим муассасаси бўйлаб ташкил этилган саёҳатда талабалар университет Ахборот-ресурс маркази, Ёшлар иттифоқи, талабалар турар жойларига ташриф буюришди; факультет деканлари, уларнинг муовинлари, кафедралар билан танишиб, таълим масканидаги жамоат ишлари билан шуғулланувчи вакиллар билан учрашиш давомида университет ички тартиб-қоидалари билан таништирилди.

 

Яна бир янгилик: янги ўқув йилида университетнинг Халқаро журналистика факультети ҳаётида ўзгариш юз берди. Мазкур факультет бир неча йиллардан бери алоҳида ўқув биносида талабаларга таҳсил бериб келаётган эди. 2018/2019 ўқув йилидан факультет ЎзДЖТУ бош биносида фаолиятини давом эттиради.

– Жорий йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети биноси жойлашган Муқимий кўчасидаги 104-уй таъмирга тушганлиги боис факультетимиз учун олийгоҳимизнинг бош биноси инглиз тили учинчи факультети биносидан алоҳида жой ажратилди, – деди Халқаро журналистика факультети декани Амрулло Каримов. – Маълумки, бир неча йил олдин университет бош биноси жуда юқори даражада таъмирланган. Шу сабабли бу ерда таълим жараёнини ташкил этиш учун барча шароитлар мавжуд. Факультетимиз талабалари ҳам янги 2018/2019 ўқув йилини дарс жадвали асосида янги жойда замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган аудиторияларда бошлашди.

 

ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

 

06 Sentyabr 2018
Chop etish
-->