• Ishonch telefoni:230-13-73

ИККИ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАЛАРИ УЧУН МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК

Куни кеча Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида АҚШнинг Вебстер университети билан ҳамкорликда ТESL — “Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш” академик дастури бўйича ташкил этилаётган бир йиллик магистратура дастурининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур лойиҳа ҳақида ЎзЖДТУ ректори ҳамда Вебстер университетининг Ўзбекистондаги магистратура дастури декани мазкур лойиҳа бўйича ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Ғанишер Раҳимов, ЎзДЖТУ ректори:

– Ушбу бир йиллик магистратура дастури асосида талабалар дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган Американинг Вебстер университети магистратура дипломини олиб, ишлаш имкониятига эга бўлади. Лойиҳани Юртбошимизнинг 2017 йил сентябрь ойида Америка Қўшма Штатларига ташрифи чоғида имзоланган икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий-ижтимоий, шунингдек, таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида имзоланган шартномаларнинг мазмунли давоми деб ҳисоблаш мумкин. Лойиҳа ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак, бир йиллик магистратура доирасида барча дарслар халқаро Вебстер университетининг тўлиқ дастури ва талаблари асосида ташкил этилади. Шунинг учун мазкур босқичга инглиз тилида халқаро талаблар даражасида муайян билим, кўникма ва малакага эга бўлган талабгорлар танлов асосида ўқишга қабул қилинади. Ўқиш сўнгида битирувчиларга диплом ва сертификатлар топширилади. Ушбу диплом уларга нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг исталган давлатларида олий таълим муассасаларида инглиз тили ўқитувчиси сифатида фаолият олиб бориш инконини беради.

Дастурнинг афзалликларидан бири шундаки, авваллари Вебстер университетида таҳсил олиш учун иқтисодий томондан кенг имкониятга эга бўлиш талаб қилинган бўлса, эндиликда ёшларимизда дастур доирасида бир неча баробар кам сарф-ҳаражат қилиб, юртимизнинг ўзида айнан ўша билимни эгаллаш имкони яратилди. Қолаверса, таълим жараёни билан бирга миллий, маънавий тарбиянинг ҳам биргаликда олиб борилиши лойиҳанинг ютуқли томонларидан биридир.

ЎзДЖТУ ва Вебстер университети ўртасида тузилган шартномага кўра, “Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш” академик дастури бўйича ташкил этилаётган бир йиллик магистратура дастури фақатгина Ўзбекистон Республикаси ёшларинигина эмас, балки Марказий Осиёнинг барча давлатлари талабаларини ҳам жалб қилиш кўзда тутилган.

Dj.Kaiser, Вебстер университетининг Ўзбекистондаги магистратура дастури декани:

– “Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш” лойиҳаси ишлаб чиқилганидан буён ўн йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда илк бор лойиҳа доирасида дастур ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда инглиз тили дунёнинг кўпгина давлатларида иккинчи тил сифатида кенг тарқалган. “Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш” академик дастури талабаларга бу тилни интеграллашган, жаҳонда тан олинган замонавий методлар воситасида профессионал даражада ўқитишга йўналтирилган. Дастур доирасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, келгусида америкалик талабаларни Ўзбекистонга таклиф қилиш ва бу ерда таҳсил олувчиларни АҚШга юбориб, уларда амалий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш режалаштирилган.

Дастурнинг бош мақсади инглиз тилини юртингизда, умуман Марказий Осиё регионида ўқитишнинг янада мукаммал тизимини яратишга қаратилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу жараёнда биз ўзимиз ҳам ўзбек халқининг маданияти, жумладан, тил ифода воситаларини яқиндан ўрганиш имконига эга бўламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, шахсан ўзим ва ҳамкасбларим, қолаверса, Вебстер университети жамоаси номидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Биз Сизлар билан ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз. Ўйлайманки, келажакда бу лойиҳани янада кенгайтириш ҳар икки давлат университетлари учун ҳам манфаатли бўлади.

 

ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

06 Sentyabr 2018
Chop etish
-->