• Ishonch telefoni:230-13-73

КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ КИШИНИНГ "ТАШРИФ ҚОҒОЗИ"ДИР

Бугунги шиддатли давр ёш авлодга замонавий таълим бериш билан бирга уларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитетни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор бериш лозимлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, таълим даргоҳларида кийиниш маданиятига ҳам катта эътибор бериш талаб қилинмоқда.

Инсоннинг кийган кийими атрофдагиларда у ҳақидаги илк таассуротни пайдо қилади. Кийиниш маданияти атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан муносабатимизни ифодалайди. Либос кишининг диди, дунёқараши ҳамда хулқ-атворидан дарак беради. Кийим инсон маънавий дунёсининг бир қисми. Ундаги ҳар бир элемент аслида ўзимиз тўғримизда сўзлайди.

Хўш, бугун таълим муассасаларида, айниқса, олий таълим даргоҳларида таҳсил олувчи ёшларимиз кийиниш маданияти қай даражада? Маълумки, таълим муассасаларида ҳам талабалар учун намуна ҳисобланган кийимлар мавжуд. Шундай бўлса-да, “Мен форма кийганман” қабилида қаддини ғоз тутаётган қизларнинг юбкалари жуда калта ва тор эканлигидан дилинг хира бўлади. Тўғри, давр замонавийликни талаб қилади, аммо таълим даргоҳларнинг ўзига яраша қонун-қоилари, кийиниш одоби бор. Ана шу одобга риоя қилган ҳолда ҳар бир талаба ўз вазифасини бажариши ва масъулиятни ҳис қилиши даркор.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган “Олий таълим муассасасининг одоб-ахлоқ қоидалари”нинг 3.3-бандида ОТМда кийиниш тартиби ва маданияти меъзонлари белгиланган. Жумладан,

- Талаба-йигитлар ОТМ ҳудудига (белгиланган тартибда) оқ кўйлакда, классик услубдаги шим-кастюм, галстукда ва тўқ рангдаги пойафзалда келишлари лозим;

- Талаба-қизлар ОТМга (белгиланган формада) оқ блузкаларда, тиззани ёпиб турадиган юбка, костюм, тўқ рангдаги пойафзалда келиши лозим;

- Эркак педагог ходим ва талаба йигитларнинг ташқи қиёфаси озода, покиза, сочи тартибга солинган ва соқоли олинган бўлиши лозим.

- Талабалар аудиторияда, ўқитувчи ва ходимлар эса хизмат хоналарида устки кийимда (плаш, пальто, куртка кабилар) юришлари мумкин эмас;

- Педагог ходим ва талабалар ОТМга диний ибодат либосида, спорт кийими ва пойафзалда келиши, уларнинг одамлар диқққатини тортадиган, хусусан, танани шаффоф кўрсатиб турадиган, елка, кўкрак ва қорин, тиззадан юқори қисимлари очиқ ҳамда ҳаддан зиёд тор кийимда, шунингдек наушниклар, металл занжирлар ва бошқа тақинчоқлар, пирсингда, соқолни ўстирган ҳолда, рўмолини жағидан боғлаган ҳолда ОТМга келиши ва шу ҳолатда ОТМда юриши мумкин эмас;

- Аёл педагог ходимлар ва талаба қизларга ёрқин пардоз (макияж) қилишга йўл қўйилмайди.

Тўғри, замон билан ҳамнафас яшаш лозим, лекин, нуфузли олий таълим даргоҳининг талабаси, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, одоб-ахлоқ қоидасига биноан кийиниши ва белгилаб қўйилган тартибга риоя қилиши лозим.

 

 

ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

11 Sentyabr 2018
Chop etish
-->