• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

МАШАҚҚАТЛИ КАСБНИНГ ТОТЛИ ОНЛАРИ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ УСТОЗЛАР!

Касблар ичида шундай бир улуғ касб бор-ки, у доимо халқимиз ардоғида. Булар бизнинг азиз ва мўътабар бўлган табаррук ўқитувчиларимиздир. Улар касби нечоғлик захматли бўлмасин, аммо бу каби шарафли касб эгалари доимо фидойи бўлиб, доимо эзгу иш билан бардавомдирлар.

 

Яқинда табаррук устозларимизнинг байрамларини нишонлаймиз ва уларни табрикламоққа, олқишлаш учун ҳузурларига шошамиз… Барчамизнинг суюкли устозларимизга касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!

Устоз! Бу сўз қанчалар жарангдор бўлмасин, унинг замирида шунчалик залворли меҳнат, тоғдек матонат, чексиз муҳаббат ва фидойилик мужассам.

Ҳа, устоз мисли ёниб турган шамга қиёс. Ўзи ёниб, атрофга нуру зиё сочади. Бошқалар ана шу нурдан баҳраманд бўлади. Шу сабаб, ҳар бир инсон ёшидан, мавқеидан, даражасидан қатъий назар, сабоқ берган устоз-мураббийси олдида мудом таъзимда. Ҳазрат Навоий айтганларидек, Ҳақ йўлида бизга минг ранжу қийинчилик билан сабоқ берган муаллимларнинг машаққатли меҳнатлари ҳақини ҳеч бир бойлик ёки ганжина билан ўлчаб бўлмайди. Уларнинг меҳнатлари беқиёс ва беназирдир.

Бугун юртимиздаги кўпгина таълим муассасалари қатори республикамизнинг нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланувчи Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ҳам байрам муносабати билан университетда фаолият юритаётган барча профессор-ўқитувчилар жамоаси иштирокида “Таъзим Сизга, Устозлар!” номли бадиий кеча бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида ўқув юрти раҳбарияти томонидан барча машаққатли касб эгаларига фахрий ёрлиқлар ва табрикномалар топширилди.

Сўнг шўх-шодон куй-қўшиқларга бой байрам дастури қатнашчиларга кўтаринки кайфият улашди. 

 

ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

29 Sentyabr 2018
Chop etish
-->