• Ishonch telefoni:230-13-73

ЎзДЖТУДА “ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ” ТАДБИРИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда ҳафтанинг ҳар жума куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни” ўтказилади. Шу муносабат билан жорий йилнинг 05 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 3 босқич талабалари учун “Ахборот” ва “Мураббийлик” соатларида университет маъруза залида Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

– Тинч ва фаровон ҳаёт кечириш инсоннинг эзгу орзу-мақсадларидан биридир, – дейди Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходими, капитан-майор Қаҳрамон Худойберганов. – Бунинг учун у кундалик турмушда ҳам, меҳнат фаолияти жараёнида ҳам жорий меъёрларга амал қилиши даркор! “Йўл транспорт ҳалокати” – бу жуда нохуш, аммо истаймизми, йўқми, кундалик ҳаётимизда тез-тез рўй бериб турадиган ҳолатдир. Бунга сабаб йўл транспорт ҳалокати хавфсизлигини таъминлаш имконияти етарли эмаслиги, қатнов йўлларининг аҳволи яхши эмаслиги, автомобиллар сонининг ортгани ва кўпчилик ҳолларда уларнинг носозлиги, ҳайдовчиларнинг йўл қоидасига риоя этмаслиги, йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи қонунларнинг бузилишидир. Бу ўз навбатида йўл транспорт жароҳати, ўлим ҳолатларининг кўпайишига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам йўл ҳаракати иштирокчилари орасида ЙҲХ соҳасида юзага келувчи муносабатларни тартибга солиш ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини муҳофаза этишни таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек, атроф-табиий муҳитни ҳимоя этишга қаратилган турли тадбирлар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад ҳам айнан шудир.

Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.

 

ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

05 Oktyabr 2018
Chop etish
-->