• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

УНИВЕРСИТЕТ ҲУДУДИДА ТАЛАБАЛАР ТОМОНИДАН ЯНА БИР КУТУБХОНА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Бугун – 11 октябрь санасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Инглиз тили 2-факультети фойесида университет Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти Инглиз тили 2-факультети етакчиси Мумтозбегим Юлдашева ҳамда 2-босқич талабаси Муҳаммадюсуф Шералиевлар ташаббуси билан “Ўз кутубхонамизни ўзимиз яратамиз” лойиҳаси доираси олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ва талабалар учун очиқ кутубхона ташкил этилди.

– Мазкур кутубхонани ташкил этишдан мақсад, – дейди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Мумтозбегим Юлдашева, – талабалар дарслардан бўш вақтларини бекорчи нарсаларга сарфламасдан, танаффусларда, дарс бўлмаган соатларда ёки шунга ўхшаш вазиятларда келиб, фойенинг ўзида китоб жавонларимиздан ўз қизиқишлари доирасида керакли адабиётларни мутолаа қилишади. Сабаби баъзан турли сабабларга кўра, масалан вақт тақчиллиги боис кутубхонага боришга имкон тополмасликлари мумкин. Шундай пайтларда факультет фойесидаги очиқ кутубхона уларга қўл келади.

Фаолиятнинг илк кунида кутубхона фонди 200дан ортиқ адабиёт ва ахборотномаларга эга. Бу адабиётлар университет маънавий-маърифий ишлар бўлими ҳамда Инглиз тили 2-факультети деканати ходимлари, шунингдек, “Reach Perfection” талабалар лойиҳаси доирасига нашрлар ҳамда “Менинг туҳфам” тамойили талабалар томонидан ихтиёрий равишда олиб келинган. Биринчи куннинг ўзида факультет талабалари томонидан очиқ кутубхонага кўнгилли равишда 50дан ортиқ адабиёт топширилган. Ташаббус эгаларининг маълум қилишича, келгусида очиқ кутубхона фонди яна 500дан ортиқ электрон адабиётлар, жумладан, дарсликлар, ўқув қўлланмалар билан бойитилиши режалаштирилган.

 

ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

11 Oktyabr 2018
Chop etish
-->