• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

11 ОКТЯБРЬ – “ХАЛҚАРО ҚИЗЛАР КУНИ”

Куни кеча Тошкент шаҳар Ёшлар марказида “Халқаро қизлар куни” муносабати билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини алоҳида етказиш, мамлакатимиз қизларига бўлган эътиборни янада юксак поғонага кўтариш мақсадида II Республика қизлар фестивали доирасида “Ташаббускор, дўст, ҳамфикрмиз, дугонажон” шиори остида ижодий кеча ўтказилди. Унда фан, санъат, маданият соҳаси вакиллари, Хотин қизлар қўмитаси вакиллари, олий таълим муассасалари талабалари, “Қизларжон” клуби аъзолари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари билан бир қаторда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талаба қизлари ҳам иштирок этишди.

“Халқаро қизлар куни”га 2011 йил 11 октябрда БМТнинг Бош ассамблеясида асос солинган ва бу сана ҳар йили бутун жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида нишонланиб келинмоқда.

Маълумки, юртимизда ҳам миллат давомчилари бўлмиш қизларни маърифатли қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги, 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларида қизларни ҳар томонлама етук, юксак ахлоқли, билимли ва миллий қадриятларга ҳамда она Ватанга содиқ фарзандлар қилиб тарбиялаш вазифаси белгилаб берилган.

“Халқаро қизлар куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда ҳам юқоридаги вазифалар устувор қилиб белгиланди. Кеча аввалида қизларни мадҳ этувчи, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширувчи ижтимоий ролик намойиш этилди.

Ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистон халқ артистлари фахрий устоз Тўти Юсупова, эл ардоғидаги санъаткор Гавҳар Зокирова мамлакатдаги улкан ўзгаришлар ва янгиланишларда ёшлар манфаатлари устуворлик касб этаётганини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева иштирок этиб, ёш қизлар, аёллар масаласи, уларнинг саломатлигини яхшилаш, таълим олишига шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қувонарли ҳол эканлигини ва бу борада талаба-қизларнинг фаоллиги ҳам муҳим босқич эканлигини ҳақида турли ҳаётий мисоллар билан сўз юритди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз қизларига бўлган эътиборни янада юксак поғонага кўтарилгани тушунтирилди. Қолаверса, “Қизларжон” клубининг қизлар ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамфикрлик, бир-бирига дахлдорлик муносабатларини шакллантиришдаги ўрни ҳақида маълумотлар берилди.

Энг муҳими, иштирокчи қизлар фаровон жамиятни қуришда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар жуда керакли эканлигини яна бир бор теран англашди.

Тадбир талаба-қизларнинг қизиқишларини янада рағбатлантириш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тенгдошлари ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасида аҳамиятли бўлди. Намунали хулқи, ўқиш ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бир гуруҳ талаба-қизлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

 

ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

12 Oktyabr 2018
Chop etish
-->