• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

ЎЗДЖТУ РЕКТОРИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ

ЎЗДЖТУ РЕКТОРИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, муҳтарама аёллар, азиз опа-сингиллар, университетимизнинг фидойи профессор-ўқитувчилари ва тиришқоқ талаба-қизлари! Барчангизни 8 март – меҳр-муҳаббат ва нафосат байрами билан самимий табриклайман ҳамда ўзимнинг энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Маълумки, юртимизда аёлларга нисбатан ҳурмат, эътибор ҳатто давлат сиёсати даражасига кўтарилганки, буни бошқа бир жойда кузатмаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, Зулфия номидаги давлат мукофотини олиш имкониятини ёш котегориясини 14 ёшдан 30 ёшгача узайтириш, ҳатто Давлат дастурларини ҳам аёллар номи билан боғланишининг ўзиёқ Сиз азизларга бўлган ғамхўрликнинг нишонасидир.

Айни дамда ЎзДЖТУда фаолият юритаётган 1100 нафарга яқин профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимларнинг 727 нафарини аёллар ташкил қилиши ҳам айнан Сизларнинг биз учун қадрли эканлигингизни билдиради. Шунингдек, қарийб 9000 нафарга яқинлашган талабалар контингентининг 75%ини талаба-қизлар ташкил қилади.

Айнан ана шу талабаларимиз орасида 15 нафар Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, 1 нафар “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, 10 нафардан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва бошқа номли стипендиялар соҳибаларининг университетимизда таҳсил олаётгани сизу бизнинг фахримиздир.

Яна шуни катта хурсандчилик билан айтишим мумкинки, 2018 йил 8 мартдан 2019 март ойигача университетимизнинг 24 нафар профессор-ўқитувчи аёллари докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахт-саодат тилайман!

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари

университети ректори

Ғ.РАХИМОВ

07 Mart 2019
Chop etish
-->