• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

МИШ-МИШЛАРГА АСОСЛАНГАН МАҚОЛАЛАР ЖОНГА ТЕГДИ!

Бугунги кунда ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали республикамиздаги таълим сифати, айниқса, олий таълим тизими ҳақидаги турли мақолалар тез-тез учраб турибди. Бунда асосли танқидлардан кўз юмиб бўлмайди, аммо исбот қилинмаган, миш-мишларга асосланиб ёзилган мақолалар турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Ахборот қуролга айланган замонда ахборот технологияларининг глобал оқибатларидан бири янги асрда юзага келган ахборот хуружи хавфидир. Журналистика соҳаси вакиллари эса ана шу хуружнинг “ташувчилари” ҳисобланади. Ушбу соҳанинг “олтин” қоидаларидан бири ҳар қандай маълумотнинг ахборот манбасини текшириб (камида 2 асосли манбадан), унинг тўғри, асосли эканига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина аудиторияга тақдим этиш шартлиги ҳисобланади. Акс ҳолда журналист ёлғон маълумот тарқатиб, ахборот хуружини юзага келтириши ҳеч гап эмас.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги муассислигидаги “Инсон ва қонун” газетасининг жорий йил 7 март №8-сонида чоп этилган муаллиф Эъзоза Жўраеванинг “Диплом ишини ёзиш нархлари қайси олийгоҳда қанчалигини биласизми?” сарлавҳали мақоласи ҳам коррупцияга қарши курашиш мақсадида ёзилган. Бир қарашда шундай. Аммо суриштирувлар натижасида муаллифнинг мақолада келтирган маълумотлари юқорида айтганимиздек, ўз исботини топмагани учун ЎзДЖТУга нисбатан навбатдаги ахборот хуружига сабаб бўлгани маълум бўлди.

Сўнгги вақтларда юртимиз ОАВларида бот-бот кўтарилаётган долзарб мавзулардан бири коррупцияга қарши курашиш масаласидир. Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида, фаолиятининг дастлабки давридаёқ энг аввал Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунини имзолади. Бу мавзуда эълон қилинаётган ҳар бир мақола беэътибор қолдирилмайди, хатто турли муҳокамалар кун тартибига қўйилиб, унга қарши кескин чоралар кўриляпти.

Мақолада келтирилгандаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, юқорида келтирилган қонун қабул қилингач, университет Илмий кенгаши кун тартибига киритилиб, раҳбарият томонидан “Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги сиёсати тўғрисида низом”и ишлаб чиқилди.

ЎзДЖТУнинг барча таълим йўналишларида таҳсил олаётган битирувчи талабаларга тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида битирув малакавий ишларини ёзиш бўйича бир қатор қулайликлар яратилган. Жумладан, келгусида илмий-тадқиқот билан шуғулланиш истагини билдирган битирувчиларга ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича илмий раҳбарлар тайинланиб, БМИ мавзуларини тадқиқ этишлари учун барча шароитлар яратилган. БМИ ёзишга истак билдирмаган битирувчилар эса ўз таълим йўналишлари бўйича мутахассислик фанларидан якуний давлат аттестацияси топширишлари йўлга қўйилган. Буларнинг барчаси ўзи ёза олмагани учун кимларгадир БМИ ёздирмоқчи бўлган талабаларга қарши самарали курашишга имкон беради.

Шу ўринда мақола муаллифига нисбатан ҳам эътироз билдирмоқчимиз. Айни дамда иккинчи босқичда таҳсил олаётган, ушбу соҳага тўлиқ кириб келмаган ва энг асосийси ҳали БМИ ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган талабанинг турли миш-мишларга асосланиб, бу мавзуга қўл урганлиги жуда ажабланарли. Бу ҳолат муаллифда журналист сифатида касбий масъулият тўлиқ шаклланмаганидан далолат беради.

ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

11 Mart 2019
Chop etish
-->