• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

МУҚАДДАС ЗИЁРАТГОҲГА ТАШРИФ

Юртимиз муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга бой. Бу қадимдан юртимизда улуғ инсонлар кўп етишиб чиққанидан далолат берса, бошқа томондан ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган улуғларни ҳурмат қилиш, ўтганларнинг охирати учун дуо қилиш ва фақат яхши ишларини ёдга олиш каби эзгу одатлардан ҳам дарак беради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани кўплаб улуғ аждодларимизнинг мақбараларини, юртимизнинг эътиборга молик манзилларини обод қилиш, шунинг баробарида ички туризм доирасида замондошларимизнинг тарихий обидалар ва зиёратгоҳларга ташрифларини уюштиришга рағбатлантириш орқали уларни тарих ва аждодларимиздан фахрланиш ҳиссини янада юксалтирига ўз таъсирини ўтказмоқда.

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, “Бобурнома”нинг инглизча таржималаридаги фразеологик бирликларнинг когнитив ва лексикографик тадқиқи” мавзусида докторлик иши олиб бораётган олима Зиёдахон Тешабоева ўзбек халқида улуғларни ва аждодлар яшаб ўтган жойларни зиёрат қилиш қадимий анъана эканлиги ҳақида қуйидаги фикрларни билдиради:

“Дунё халқларининг урф-одатлари, миллий-маданий қадриятлари ўзига хос ва иқлимига мос бўлган. Ҳар бир ривожланган давлат ўзининг давлат тизими, эътиқоди, ўй-қараши, кундалик турмуш тарзида акс этган бошқа миллат вакилидан фарқли жиҳатларига эга. Таржимшунос олим Ғайбулла Саломов миллий кўринишни миллатнинг нафақат миллий таомларида, балки уларнинг юриш-туришидан тортиб, тоғ-у тошлари ва ҳатто ўрмонларида ҳам мужассам деб таъкидлайди.

Бизнинг қон қонимизга сингиб кетган яна бир жиҳатлар борки, биз аждодларимизни эъзозлаб, уларнинг ҳаётий тажрибаларини ўқиб-ўрганамиз ва ўгитларига амал қиламиз. Улар ётган жойларини обод қиламиз. Аждодлар қабрини зиёрат қилиш миллатнинг энг яхши амалларидан бири.”

Жаҳон илм-фани, хорижий тил ва адабиёти, методика, чоғиштирма ва қиёсий тилшунослик, таржимонлик, журналистика сингари соҳаларда илмий иш олиб бораётган олимларнинг ушбу қадамжога ташрифлари, ҳақиқатан ҳам, миллий меросимиз ва тарихий обидаларимизни ўрганиш, Зангиота яшаган давр муҳити ва бугунги кунда ҳудудда амалга оширилган ободончилик ишларини ўрганишда муҳим бўлди.

Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти ихтисослиги бўйича илмий изланишлар олиб бораётган Атабоев Нозимжон Бобожон ўғли, жумладан, қуйидаги фикрларини билдирди:

“Жамият тараққий топгани сари ўзининг буюк намояндаларини кашф этиб бораверади. Улуғ аждодларимиз, олиму фузало бобокалонларимизнинг борлиги биз, ўзбек халқининг ҳам кўксини осмон қадар юксалтиради. Уларга кўрсатиладиган ҳурмат ва эҳтиром ҳам, ўз навбатида, ёруғ келажакка мустаҳкам пойдевор яратади. Ана шундай эзгу амаллардан бири сифатида “Ҳазрат Зангиота” қадамжоларидаги ободончилик ишларини келтириш мумкин. Зеро, ҳаётини оллоҳ йўлига сафарбар этган, муқаддас динимизнинг пок амал ва тариқатларини ўзига дастурул-амал қилиб яшаган ҳамда буни халқига ўргантган инсонлар сирасига кирувчи бу авлиё ватандошимизга ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак камдек, назаримда”.

ЎзДЖТУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор, филология фанлари доктори, профессор Г.Ҳ.Боқиева зиёрат чоғида ўз ихтисослиги бўйича нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон илм-фанида янги илмий тадқиқот қилишга бел боғлаган университет олим ва олималари учун бундай сафарлар нафақат уларнинг руҳан тетиклашувига ва янги илмий изланишлар учун янгидан куч тўплашига, балки аждодларимизнинг қилган буюк ишларидан бохабар бўлиш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш, миллий ўзликни англаш, шунинг баробарида юртимизда тарихий жойларни ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиб боришларига ҳам замин яратишини гапириб ўтдилар.

Ушбу ташриф университет илм аҳлида катта таассурот қолдирди.

Сиёсий институтлар, жараёнлар ва технологиялар ихтисослигида бўйича олима Мукаддас Рахимованинг қуйидаги сўзлари фикримизга далил бўла олади:

“Ал-Хоразмий, Нажмиддин Қубро, Паҳлавон Маҳмуд, Муҳаммад Раҳимхон, Мунис, Огаҳий каби буюк зотларга бешик бўлган қадим ва кўркам Хоразмда бугун амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотларни кўриб инсонни дили яйрайди. Бугунги сафарда ҳам шу юрт, шу улуғ аждодлар фарзанди эканимдан яна бир бор фахр ҳиссини туйдим”.

Таъкидлаш керакки, тарихда юртимиздан кўплаб улуғ зотлар, авлиёлар етишиб чиққан. Салкам 70 йиллик шўро истибдоди замонида ҳам халқимиз турли тақиқларга қарамай муқаддас зиёратгоҳларни сақлаб қолди. Ўз ҳисобидан бўлса-да, уларни таъмирлаб, асраб келди. Бугун юртимизнинг қайси масканига борманг, бирор улуғ зотнинг мақбараси борлигига ва маҳаллий аҳоли аждодларни хотирлаб, улуғлаб гапиришига гувоҳ бўласиз.

Аъзамжон ДАДАХОНОВ,

ЎзДЖТУ таянч докторанти

13 Mart 2019
Chop etish
-->