• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

УНИВЕРСИТЕТ МАГИСТРАНТЛАРИ ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙЎЛИДА ОЛИМЛАР ҲАМКОРЛИГИ

Жорий йилнинг 26 – 30 март кунлари давомида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими ва университет раҳбарияти томонидан биринчи босқич магистрантларининг илмий ишларининг бориши юзасидан қилган ишлари бўйича ҳисобот семинарлари бўлиб ўтди.

Маълумки, магистратура Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълими турларининг муҳим бўғини саналади. Магистратура олий таълимда назария ва амалиёт яхлитлиги таъминланган ҳолда, мутахассисликлар кесимида ва фан-таълим, ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни ҳамда илмий ва илмий-педагог, шунингдек, тор соҳалар учун ноёб кадрларни тизимли тайёрлаш орқали олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини юксалтиришга, жамият соҳалари ва тармоқларида малакали мутахассисларнинг етиштиришга хизмат қилиши зарур.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар магистратура таълими жараёнини такомиллаштириш, уларни замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш, хорижий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишни тақозо этмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда, ҳар йилдагидан фарқли равишда бу йил ўқишга қабул қилинган магистрантларнинг илк маротаба мавзу олишидан тортиб, илмий тадқиқот ишлари олиб боришигача бўлган жараёнлар бевосита университетнинг Илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Бу жараёндаги дастлабки қадам магистрларнинг ўзларини қизиқтирган мавзуни университет веб-саҳифасидадан танлаб олишди. Шундан сўнг илмий раҳбарлари билан икки йиллик шахсий иш режа тузишди ва айни вақтда улар магистратура бўлимида таҳсил олиш билан бирга тузилган режа асосида илмий тадқиқот ишлари устида изланишлар олиб бормоқдалар.

ЎзДЖТУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори филология фанлари доктори, профессор Г.Боқиева тадбир борасида қуйидаги фикрларни келтириб ўтдилар:

“Бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад ўта нозик ва муҳим: талабаларни илмий изланиш олиб боришга қизиқишларини янада орттириш, муҳаббатини уйғотиш, бу йўлда уларга ёрдам бериш ва, албатта, тўғри йул кўрсатиш.

Биз илмий раҳбарларнинг масъулиятини ошириш ҳамда фаоллаштириш мақсадида диссертацияни муваффақиятли ёзиб тугатган талабаларга ва энг яхши илмий раҳбарларга ҳам ташаккурнома беришни ҳам режалаштиряпмиз!

Яна шу ўринда таъкидлаш ўринлики, бу йил биринчи бор докторант-экспертларнинг мавзу танлашдан бошлаб, токи шу кунгача магистрантларнинг илмий иш олиб боришлари учун олиб борган ташкилий фаолияти ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Сизларга ҳам магистрантларга хам омад тилайман!”

Тадбир давомида ҳар бир магистрант ўз ҳисоботини тақдимот шаклида намойиш этди. Эксперт гуруҳлар томонидан талабаланинг шу кунгача эришган илмий ютуқлари мавзунинг номи ва режасининг ишлаб чиқилганлик ҳолати, МД мавзуси долзарблиги, мақсади, вазифалари, объекти, предмети ва янгилигининг ёритилиши, ўрганилган илмий адабиётлар бўйича аналитик таҳлил қилинганлиги, мавзуга оид атамаларнинг изоҳли луғатини шакллантирилаётганлик даражаси ҳамда илмий мақола эълон қилинганлик ҳолати каби мезонлар асосида 10 баллик тизимда баҳоланди.

Адабиётшунос олима ва магистрлар билан ишлаб келаётган эксперт Рузматова Дилноза Раматжановна бу борада шу давргача қилинган ишлар бўйича қуйидаги фикрларни билдирди:

“Магистр талабаларнинг илмий фаолиятига ёрдам бериш учун Университет таянч докторантларидан иборат экспертлар гуруҳини ташкил қилинди. Ҳар бир эксперт битта гуруҳга бириктирилиб, талабаларни қизиқтирган ва қийнаётган масалаларда ўз ёрдамларини беришмоқда.

Айтиш керакки, 2018-2019 ўқув йилида ЎзДЖТУ 1-босқич магистрлари биринчи марта онлайн равишда диссертатция мавзуларини танлашди. Мавзулар дастлаб eниверситет Илмий кенгашида муҳокама қилинди ва университет сайтига жойлаштирилди. Сайтда жами 229 та мавзу берилган бўлиб, ҳар бир мавзу аннотация билан берилган эди. Магистрлар ўз истак-хоҳишларидан келиб чиқиб, келажакда ҳам давом эттиришни кўзлаб илмий мавзулар ва илмий раҳбарларни ташлашди”.

Ушбу тадбир талабаларнинг шу давргача илмий мавзу доирасида амалга оширган ишларининг боришини ўрганиш, зарур ўринларда маслаҳатлар бериш ва уларни юқори савияда илмий иш ёзишга қизиқтириш мақсадида ташкил этилди. Университетда илмий изланиш олиб бораётган докторантлар ва олимлар иштирокида олтита ишчи гуруҳ тузилди. Тадбир жараёнида мазкур ишчи гуруҳларга киритилган аъзолар томонидан магистрантларнинг илмий изланишларининг бориши бир бор кўрикдан ўтказилди. Зарур ўринларда маслаҳатлар, илмий ши режасидан ортда қолган талабаларга зарурий кўрсатмалар берилди.

Натижаларга кўра, Лингвистика (инглиз тили) мутахассислиги магистранти Солижон Азизовнинг шу давргача олиб бораётган илмий изланишлари барча мезонларга мос келгани ҳолда 10 балл, Адабиётшунослик мутахассислиги магистранти Гулҳаё Ачилова эса 9 балл олди ҳамда ўз ихтисосликларида намунали талабалар деб топилди.

Биз бевосита ушбу икки магистрантни суҳбатга тортдик:

Гулҳаё Ачилова қилган ишлари бўйича қуйидагиларни гапирди:

Дастлаб университетимиз сайтидаги мавзулар билан танишиб чиқдик. Холид Ҳусайний ижоди билан таниш бўлганим ва унинг асарлари менда ҳар томонлама чуқур таассурот қолдиргани сабаб " Холид Ҳусайний асарларида диаспора" деган мавзуни танладим. Илмий раҳбарим Дилноза Рузметова билан учрашиб, режа тузиб асарлар таҳлилига киришиб кетдик. Мавзуга доир тақризлар ва адабиётларни ўрганиб чиқдик. Атамалар рўйхати, асарнинг бадиий таҳлилини шакллантириб мақола ёзишга киришдик. Шу кунгача битта асарни тўлиқ таҳлил қилиб, иккита мақола ёздик.

Ҳисобот жараёни жуда қизиқ ва баҳс-мунозарага бой бўлди. Берилган савол ва таклифлардан диссертация ишим учун керакли фикрларни олдим. Келажакдаги режаларим адабиётшунослик соҳасининг етук мутахассиси бўлиб, адабиётшунослик фанлари доктори даражасига етиш.

Лингвистика (инглиз тили) мутахассислиги магистранти Солижон Азизов:

“Магистратура босқичида илмий фаолият билан шуғулланишни ўзига мақсад қилиб олганлар таҳсил олади. Бошқа бўлажак магистрлар қатори мен ҳам ушбу босқичга илм йўналишида изланишлар қилиш ва бу борада Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун хизмат қилишни ўзимга бош мақсад қилиб олганман. 2018-2019 – ўқув йилидан бошлаб Магистратура босқичида ушбу босқичда таҳсил олувчи талабалар учун 2 йил давомида олиб боришлари белгиланган диссертация мавзулари онлайн режимда инновацион ёндашув асосида www.uzswlu.uz сайтида эълон қилинди. Бу ўзгаришишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил сўнгида Олий Мажлисга киритган дастлабки Мурожаатномаларида белгиланган устувор вазифаларнинг амалдаги кўринишидир. Шу боис, мавзулар сайтда эълон қилингач, мавзуларнинг барчасини кўриб чиқдим ва “Олий таълимда инглиз тилини ўқитишда замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишнинг назарий ва амалий асослари” мавзусида тўхтадим. Шундан сўнг, илмий раҳбар сифатида Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Гуландом Хисамовна Боқиева белгиланганларини онлайн режимда билдим. Асосий қизғин жараён шундан сўнг бошланди, яъни илмий раҳбарим билан ушбу йўналишда қилишимиз мумкин бўлган ишлар тўғрисида батафсил гаплашиб олдик. Ушбу жараёнда менга манзур келган энг муҳим жиҳат шу бўлдики, илмий раҳбарим мен амалга оширмоқчи бўлган янгиликларни ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар. Шунингдек, илмий ишим натижалари асосида маҳсулотлар тайёрлашимиз ва уларни тижоратлаштиришимиз мумкин эканини қайд этиб ўтдилар. Бу ҳам тадқиқотимизнинг бугунги замон талабига мос ва хос эканлгини кўрсатиб берди.

Илмий изланишларимни бошладим ва бу жараёнда менга университетимиз Ахборот-ресурс марказида очилган Scopus ва science.cом сайтлари бошқа магистрлар қатори менга ҳам улкан имкониятлар эшигини очди, яъни бу сайтлар бизга дунё кутубхонасига эшик очди. Ўтган 6 ой давомида илмий изланишларим натижасини турли илмий журналлар, тўпламларда нашр эттириб келмоқдаман. Хусусан, Республика миқёсида 3 та ОАК рўйхатидаги илмий журналда илмий мақолам; 7 та илмий тезисларим Республика миқёсидаги илмий онлайн ва офлайн конференция, мақолалар тўплами материалларида; 3 та илмий мақолам Россия Федрациясида ташкил этилган илмий журналларда; 2 та илмий тезисларим Лондон ва Қозон шаҳрида ўтказилган илмий конференцияда нашр этилди”.

Кўриниб турибдики, ЎзДЖТУнинг бугунги магистрантларининг шаҳдлари баланд. Улар эртанги кунда ўзбек илм-фанини янада ривожлантириб, уни янги илмий тадқиқотлар қўшиш билан бирга, уни жаҳонга таништириш мақсадларини ҳам ўз олдиларига қўйишган.

Биз ёш олимларга фақат илм йўлида янги марраларни забт этишларини тилаб қоламиз.

А.Дадахонов,

ЎзДЖТУ таняч докторанти

02 Aprel 2019
Chop etish
-->