• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

ГЕРМАНИЯЛИК ОЛИМА БИЛАН ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР СОҲАСИДА МАҲОРАТ ДАРСЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари ЎзДЖТУ Илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлимида Германиядан келган филология фанлари доктори Бэате Раттай-Форстл (Dr. Beate Rattay-Förstl) ҳамда докторантурада таҳсил олаётган изланувчилар ўртасида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Сўнгги вақтларда мамлакатимизда илмий соҳа ва илмий тадқиқотларни рағбатлантиришга бўлган эътибор кескин кучайди. Олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари, соҳага бевосита дахлдор вазирлик ва давлат ташкилотларининг давлатимизда илм-фанни ривожлантириш борасидаги ваколатлари янада кенгайтирилди. Жорий 2019 йилнинг 29 октябрида қабул қилинган “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳам айнан шундай ваколат ва имкониятларни мустаҳкамлайди ва кенгайтиради.

Илмий соҳада халқаро ҳамкорлик хусусида гап кетганда, албатта, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида амалга оширилаётган бир қатор ишларни ҳам тилга олиб ўтиш жоиз. Чунки университет бевосита хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган маскан бўлгани учун унда изланиш олиб бораётган олим ва тадқиқотчилар фаолияти ҳам хорижий тилни чуқур билиш ва хорижий тажрибаларни ўрганиш билан боғлиқ.

Таъкидлаш керакки, университет бир қатор хорижий нуфузли университетлар билан ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар имзолаган. Бугунга келиб, мазкур йўналишдаги ишлар халқаро илмий ҳамкорлик соҳаси ривожида ҳам яхши натижалар кўрсатмоқда.

Германиялик олима Бэате Раттай-Форстл билан ташкил этилган маҳорат дарслари ҳам илмий соҳадаги ҳамкорликнинг бир натижаси бўлди.

Маълумот учун айтиш керакки, доктор Бэате Раттай дастлаб Людвиг-Максимилиан номидаги Мюнхен университети ҳамда Швейцариянинг Цюрих университетида илмий изланишлар олиб борган. Кейинчалик халқаро эксперт сифатида Аргентина, Австралия, Финландия, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Ҳиндистон, Эрон, Япония каби дуёнинг 19 давлатида турли лойиҳалар, илмий семинарларда қатнашган, университетларда немис тили ва адабиёти бўйича дарс берган. Айни вақтда у Мюнхен техника университетида тил ўргатиш ва халқаро профессор-ўқитувчиларга маданиятлараро масалалар бўйича тренинглар олиб боради ҳамда ДААД каби халқаро ва миллий ташкилотларнинг лойиҳаларида иштирок этади.

Маҳорат курслари давомида доктор Бэате Раттай ўзи фаолият юритган немис университетлари, хусусан, Мюнхен техника университети, Баден-Вюртемберг илмий тадқиқотлар институти, Мангейм университети, Бамберг университети, шунингдек, Франциядаги Пикарди, Перт шаҳридаги саксондан ортиқ илмий тадқиқот институти ва марказлари бўлган Ғарбий Австралия университетларидаги илмий мактаблар, филология, сиёсий фанлар ва техника соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш тажрибаси билан ўртоқлашди. Бевосита мазкур университетларнинг сайтларига ташриф буюриб, улардаги профессорлар ва ёш изланувчиларнинг фаолияти, илмий семинарлар, Европада илмий иш қилиш ва мақолалар чоп этишнинг асосий талаблари, қўлга киритилган илмий ютуқларни амалиётга татбиқ этиш тажрибаси каби қатор долзарб масалаларда ЎзДЖТУ ёш олимларига тушунтириш берди. Жумладан, Германияда ёш мутахассислар томонидан илмий иш устида ишлаш ниҳоятда оммалашгани, бугун Германия дунёда энг кўп докторантлар етишиб чиқадиган давлатлардан бирига айлангани ва йилига ўртача 30 000 атрофида олимлар олий юртидан кейинги таълимни битириши ва илмий ишини ёқлаётгани ҳақида сўзлади.

Маҳорат курсидан сўнг немис олимаси бар қатор таянч докторантлар билан индивидуал тарзда тренинг ҳам ўтказди. Уларнинг илмий мавзулари ва бу борада фойдали манбалар, самарали илмий иш ёзиш бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашди.

ЎзДЖТУ 1-босқич таянч докторанти Аҳмедова Азиза бу хусусда қуйидаги фикрларини билдирди:

“Олмониялик матншунос мутахассис тарихий манбалар билан боғлиқ тадқиқот ишларида эътибор берилиши керак бўлган масалалар бўйича маълумот берди. Хусусан, адабиётшунослар учун муҳим мавзуларда фикр алмашдик.

Суҳбатларимиз жараёнида Европада гуманитар фан йўналишларида қилинаётган тадқиқот ишларига қўйиладиган талаблар ҳақида атрофлича тўхталиб, ўзининг тадқиқот ишидан мисоллар келтирди. Ҳозирги кунда ғарбда улкан қизиқишга сазовор бўлаётган адабий жанрлар ҳақида билиш, шахсан менга катта таъсурот қолдирди. Жумладан, Германияда ҳозирги кунда кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлаётган ёзувчилар ҳақида сўзлади.

Фикримча, ғарб мутахассислари билан бўлаётган бундай ҳамкорлик келажакда илм-маърифатда жаҳон ҳамжамиятининг етакчи мамлакатларига тенглашишимизга хизмат қилади”.

10.00.04 – Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти ихтисослиги бўйича "Холид Ҳусайний асарларининг бадиий ўзига хослиги" мавзусида илмий иш олиб бораётган 2-босқич таянч докторанти Рузматова Дилноза:

“Учрашувда хорижлик мутахассис Бэате Раттай-Форстл билан Афғон-Америка адабиётининг диаспора хусусиятлари хақидаги илмий-назарий қарашлари борасида фикр алмашдик. Суҳбатимиз давомида мутахассис немис адабиётшунослигида ҳам диаспора адабиёти қизиқиш билан ўрганилаётганлигини таъкидлади”.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш лозимки, доктор Бэате Раттай университетдаги докторант ва таянч докторантларнинг бевосита изланиш олиб бораётган мавзулари ва соҳалари билан қизиқди. Уларнинг долзарблиги назария ва амалиётда муҳимлиги, Ўзбекистонда чиндан ҳам, келгусида илм-фан янада ривожланишига кенг йўл очилаётганига мазкур маҳорат дарслари давомида ишонч ҳосил қилганини гапирди.

 

ЎзДЖТУ таянч докторанти А.Дадахонов

 

04 Noyabr 2019
Chop etish
-->