• Ishonch telefoni:230-13-73

“БИТИРУВЧИЛАР ЯРМАРКАСИ” куни ўтказилди

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида жорий йилнинг 2 март куни 2017-2018 ўқув йилида битираётган бакалавриат ва магистратура талабалари учун “БИТИРУВЧИЛАР ЯРМАРКАСИ” куни бўлиб ўтмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини 2017/2018 ўқув йили битирувчиларини корхона, ташкилот ва муассасаларга ишга тақсимлаш ҳамда жойлаштириш жараёни "Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури", Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 2 июндаги “2005/2006 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги ПҚ-92-сонли қарорининг 6-банди, амалдаги "Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги Низом", Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруқларига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга мурожаатномаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йилга мўлжалланган аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3506-сон қарорида  келтирилган муҳим вазифалардан бири – аҳоли бандлигини, айниқса ёшлар, шу жумладан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш бўйича муҳим топшириқлар  берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар бир битирувчи-ёшларни аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур деб таъкидлади.

Университет битирувчилари бандлигини кафолатли таъминлашга кўмаклашиш мақсадида, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 2017–2018 ўқув йилида хорижий тил ва адабиёти, инглиз тили, немис тили, француз тили, испан тили, хитой тили, япон тили, рус тили, рус тили ва адабиёти (ўзга тилли гуруҳларда), таржима назарияси ва амалиёти, халқаро  журналистика жами 11 та таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган 1674 нафар бакалавриат ва 100 нафармагистратура битирувчилари, жами 1774 нафар битирувчилар учун бугун 2 март куни  “Битирувчилар ярмаркаси” куни  бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад: битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг келгусидаги иш жойларини танлашларига кўмаклашиш, бўлажак кадрларни иш берувчилар билан таништириш ҳисобланади.  “Битирувчилар ярмаркаси” тадбирида потенциал иш берувчилар (истеъмолчилар), университет Тақсимот комиссияси, Ёшлар иттифоқи, ОАВ вакиллари, хотин-қизлар қўмитаси, университет битирувчилари ҳамда устоз-мураббийлар иштирок этишмоқда.

“Битирувчилар ярмаркаси” куни Ўзбекистон Республикасининг Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари,  Ички ишлар, Маданият, Мактабгача таълим, Мудофаа вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясини, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, ҳудудий ҳокимлик вакиллари, Бандлик Бош бошқармаси, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, давлат ва нодавлат таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда бошқа ташкилотлар бўш иш ўринлари бўйича ўз таклифлари билан қатнашмоқда. Шунингдек, битирувчилар ярмаркаси доирасида уч томонлама шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Битирувчилар ярмаркаси давомида битирувчи курс талабалари таклиф этилган бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумотлар олиш билан бирга, 350 дан зиёд шартномалар имзолашга эришишди.

10 Mart 2018
Chop etish
-->