• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

Университетда Ватан ҳимоячилари куни катта шодиёна билан нишонланди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаш мақсадида университетда тантанали тадбир ташкил этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бу байрам нафақат ҳарбийларимиз ёки ҳуқуқ тартибот идоралари вакилларининг байрами, балки Ватанни жонидан ортиқ севадиган, унинг сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлайдиган, керак бўлса, Ватан учун жонини ҳам аямайдиган мард ва жасур фуқароларимизнинг ҳам байрамидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги фармойиши асосида мамлакатимиз бўйлаб 2019 йил 15 декабрдан 2020 йил 15 январга қадар “Ватанпарварлик ойлиги” ўтказилмоқда.

Ушбу тадбир ҳам мазкур ойлик доирасида университетнинг инглиз тили биринчи факультети ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир ҳарбий институт “Ҳарбий оркестр ва ансамбль” жамоасининг тантанавор куй-қўшиқлари билан қалбларга муҳрланса, “Жанговор гуруҳ” томонидан кўрсатилган кўргазмали чиқишлар орқали талаба-ёшларимиз Ватнни севишга, уни ҳар қарич ерини асраб-авайлашга ўрнак олишди.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети жамоаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан барча ҳарбийларимизни, аскар ва офицерларимизни, қўйингки барча Ватан ҳимоячиларини байрам билан мубарокбод этади!

Университет Матбуот хизмати.

13 Yanvar 2020
Chop etish
-->