• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

ЭЗГУЛИКДАН ЭЗГУЛИК - ДУР ҚИДИРГАН САЙДИ УМИРОВ

2002 йилда ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетида телевидение ва радио сирларини ўргатадиган янги кафедра очиладиган бўлди. Кафедрага мудирлик ва жамоани шакллантириш Сайди Умировга топширилди. Устоз ЎзМУ журналистика факультетини тугаллаган 4 нафар магистрни, жумладан мени ҳам шу кафедрага жалб қилдилар. 18 йил давомида устоз билан ёнма-ён ишлаш бахтига муяссар бўлдим.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Сайди Умиров билан ўтган ҳар бир кунда улардан нимадир ўрганардим. Журналистика назариясини талабаларга ўргатиш билан бирга ва амалиётда ҳам илғорликни ҳалигача бермай келаётган, кўрганларидан дур ва самимият қидирадиган инсон, таниқли публицист, етук олим, қатор илмий ва публицистик мақолалар муаллифи, хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Сайди Умиров бизга доим намуна эдилар. Гап қайси мавзуда кетмасин, домлада ўша мавзуга дахлдор мисол истаганча бор. Таъбир жоиз бўлса, устозни “тирик энциклопедия” деб таърифлаш мумкин эди.

Хизмат тақозоси билан, олис юртларга, ҳудудларга чиқишга тўғри келган. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясида фаолият олиб борган кезларим тарғибот-ташвиқот тадбирлари баҳонасида республикамизнинг деярли барча вилоятларига чиқиб келганман. Бир ҳафта ўн кунлаб сафарда бўлганман. Халқимиз меҳмондўст. Келганни бошига кўтаради. Асосий ишлар тугагач, тарихий жойларга борардик, бир пиёла чойга таклиф этганда рад этсанг, тез хафа бўлишади. Тадбирлардан ортиб, бир нима ёзишга вақт тополмаймиз ёки кўрганларимиз хусусида ёзишга эринамиз. Хуллас, қуруқ қўл билан бориб, қуруқ қўл билан қайтардик. Бу борада Сайди аканинг фаоллиги ҳар қандай ижодкор учун ибрат бўла оларди. Устоз қайси ҳудудга бормасин, ўша ҳудуддаги ўзгаришлар марказий матбуот саҳифаларида бериларди. Домла ким билан суҳбатда бўлмасин, у оддий деҳқон ёки фермер бўладими, ҳоким ёки ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари бўладими, журналист ёки ўқитувчи бўладими, бир сўз билан айтганда, С.Умиров ўша ердаги халқнинг кайфияти билан қизиқарди ва бу кайфият ҳар бир сатрида сезилиб турарди. “Навоийобод”, “Маънавий маъданлар”, “Самарқанд сайқали”, “Янгиланаётган туманим маним” сингари ўнлаб мақолалари вилоятларга уюштирилган хизмат сафарлари, учрашувлар, давра суҳбатлари натижаси маҳсулидир.

Сайди Умиров ҳар нарсадан эзгулик қидирадиган, ҳар қандай ўзгаришни самимият билан қарши оладиган дилкаш инсон эди. Кўрганларини яширмай ёзарди. Ғараз, ҳасад, нафрат ва ёмонликни билмайди. Унинг асарлари барчаси самимий. Домланинг самимияти улар танлаётган сарлавҳадан бошланарди ва буни ўқувчи мақоланинг энг охирги жумласигача ҳис қилиб туради. Сайди ака зўрма-зўраки ёзолмасди. Устоз билан танишганимга 15 йилдан ошди. 18 йил мобайнида домладан ўрганганларимнинг энг асосийлари сифатида санаш мумкин бўлса, энг аввало ёлғон ҳақида ҳеч қачон ёзолмасди. Кўнгли жиз этмаган мавзуга қўл урмасдилар. Сайди аканинг мақолаларида тилга олинган қаҳрамонларнинг барчаси қусур ва ясама обрўдан ҳоли одамлар. Домла, қаҳрамонинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлмаса, унинг яхшиликларини эл-юрт билмаса, халқ тан олмаса мақола ҳам кўнгилдагидек чиқмайди, дердилар.

        Пандемия боис, спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш кун тартибига айланмоқда. Аммо, устозимиз Сайди Умиров бу анъанани анча илгари бошлаганди. Бир пайтлар, факультет жойлашган бино – Муқимий 104-уйнинг мини футбол зали уларнинг шогирдлари билан гавжум бўларди. Сайди Умиров талабалар билан елкама-елка футбол ўйнарди. Университет жамоаси журналистлар ўртасида ўтказилган футбол турнирларида муносиб ўринларни қўлга киритарди. Устознинг ғайрат ва шижоатига ҳамиша ҳавас билан қарардик. Домла бошчилигидаги шахмат турнирлари анъана тусини олганди. Эркин Воҳидов, Асил Рашидов, Бахтиёр Назаров, Бойбўта Дўстқораев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Тоҳир Қаҳҳор сингари таниқли ижодкорлар иштирокидаги турнирларда, улар билан танишиш, ижод ҳақидаги гурунгларни тинглаш бахтига сазовор бўлганман. Маърифий суҳбатлардан дур қидирардим. Бу йилдан бошлаб факультет профессор-ўқтувчилари ва талабаларнинг футбол машғулотларини яна йўлга қўйдик. Бу йил факультетга қабул қилинган талабаларнинг деярли тенг ярми йигитлар эканидан бир қадар қувондим. Халқаро журналистика факультети талабалари ўртасида Сайди Умиров хотирасига бағишлаб футбол ва шахмат бўйича анъанавий хотира турнири ташкил этишни кўнглимга тугиб қўйдим.

Таниқли публицист, етук олим, қатор илмий ва публицистик мақолалар муаллифи, ўнлаб, таъбир жоиз бўлса юзлаб шогирдларнинг қадрдон устози, Сайди Умировнинг журналист кадрлар тайёрлаш ишида қўшган ҳиссаси жуда юқори эди. С.Умиров соҳага қадам қўйган ҳар қандай инсонни қўллаб-қувватлашга шай эдилар. Ҳар қандай талабанинг хатти-ҳаракати, соҳага қизиқиши, теран фикрини алоҳида қадрлардилар ва ундан ўз маслаҳатларини аямасдилар.

С.Умиров устоз-шогирд мактаби анъаналарини давом эттириб, ёшларнинг илмга бўлган қизиқишини янада қўллаб-қувватлаш, фанимиз ривожига илмий кадрларни етказиш ишида камарбаста бўлдилар. Устоз раҳбарлигида 3 тадқиқотчи – Я. Маматова, Г.Тоғаева ва мен фаннинг муҳим масалаларига бағишланган диссертациялари билан филология фанлари номзоди илмий даражасини олдик. Улардан ўрганадиган жиҳатларимиз ҳали кўп эди. Улар биз учун ибратнинг энг юксак намунаси эдилар. Устозимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Сайди Умиров хотираси қалбларимизда абадий яшайди!

 

Шогирдлари номидан, Амрулло Каримов

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети декани,

ф.ф.н., доцент

17 Noyabr 2020
Chop etish
-->