• Ishonch telefoni:230-13-73

Талабаларимиз кураш бўйича республика биринчилигида совриндор бўлишди

Эл орасида шундай нақл бор: Ўзбекнинг боласи оёқ чиқармасдан бурун курашни ўрганади.

Ишонмайсизми, энди оёқ чиқарган, тетапоя бўлиб юрадиган, чучук тилли,  ғудраниб гапирадиган икки ўғил болани эгнига чопонча кийдириб, белини белбоғча билан маҳкам боғлаб ўртага чиқарингда, ҳа олиш, деб ўзингиз бир четда томоша қилинг.

Ҳали росмана кураш нималигини эшитмаган, ҳатто тушида ҳам кўрмаган болакайлар дап-дурустдан бир-бировининг ёқасидан олиб, бураб силтаб, аввал ўнг оёғини узатиб, чил солиб, йиқитишга ҳаракат қилади. Йиқитса мағрур, йиқилса курашга тўймай талаб солганини кўрсангиз, ё товба деб ёқа ушлайсиз.

Мабодо, сиз ҳам бу мўъжизани кузатмаган бўлсангиз, уйга борингда икки ўғлингиз бўлса, ёки қўшни болалар бўладими кураштириб кўринг. Ҳа, полвонлик ўзбекнинг қонида бор. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Бизнинг даргоҳда таҳсил олаётган йигитлар орасида ҳам ана шундай полвонлар талайгина. Куни кеча уларнинг уч нафари Қашқадарё вилоятида ўтказилган талабалар ўртасидаги чемпионатда устозлари жисмоний маданият кафедраси ўқитувчиси Э. Ачилов бошчилигида иштирок этишди. Ушбу уч полвондан бири рус филологияси факультети талабаси Рустамов Саттор университетимизга бронза медали билан қайтган бўлса, яна бири инглиз тили учинчи факультети талабаси Ўролов Рустам барча рақибларининг курагини ерга теккизиб биринчи ўринни қўлга киритди. 

14 May 2018
Chop etish