• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91
XALQARO JURNALISTIKA FAKULTETI

 

ХАЛҚАРО ЖУРНАЛИСТИКА ФАКУЛЬТЕТИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 февралда қабул қилинган “Журналист кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети таркибида Халқаро журналистика факультети ташкил этилди.

Халқаро журналистика факультетининг ЎзДЖТУда очилиши табиий ва мантиқий бўлиб, бу, энг аввало, хорижий тилларни кенг, чуқур ўрганиш билан боғлиқ эди. Хориж учун материал ёзадиган, у ерда фаолият олиб борадиган журналист ўша мамлакат тили, менталитети, шароити, урф-одатларини яхши билмоғи, тилмоч хизматига эҳтиёж сезмаслиги лозим эди.

Факультетнинг биринчи декани лавозими университет илмий ишлари бўйича проректори, филология фанлари доктори, инглиз, рус тилларини пухта биладиган профессор Гуландом Боқиева зиммасига юклатилди. Ўша кезларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган, мутахассислиги журналист Нарзулла Жўраев янги тузилмани моддий-техникавий жиҳатдан таъминлаш, кадрлар танлашга катта ҳисса қўшди. Университет ректори, профессор Жамолиддин Бўронов факультетга тез-тез келиб, хабар олиб, муаммоларни ҳал қилиб турди. ЎзМУ журналистика факультетидан фан сирларини яхши биладиган тажрибали профессор-ўқитувчилар, турли соҳаларда фаолият олиб бораётган малакали ва таниқли журналистлар ишга жалб қилинди.

Факультет таркиби дастлаб “Журналистика назарияси, амалиёти ва тарихи”, “Ижтимоий-сиёсий фанлар”, “Тиллар ва адабиёт” деб номланган уч кафедрадан иборат бўлиб, уларга филология фанлари номзоди, доцент Б.Дўстқораев, сиёсий фанлар доктори, профессор Н.Жўраев, доцент Х. Исломжонова мудирлик қилишди. 1999 йил 1 сентябрда Чилонзор тумани Муқимий кўчасида жойлашган 104-бинода биринчи босқичга қабул қилинган 125 нафар бахтиёр талабанинг қувноқ овози янгради.

Халқаро журналистика факультети ташкил топган дастлабки йилларда профессор Ғ.Саломов, доцентлар Б.Дўстқораев, Н.Жўраев, Х.Исломжонова, С.Умиров, И.Каримова, С.Султонсаидова, М.Шарафиддинова, Г.Кан, А.Нурматов, Ҳ.Саидов, Т.Қаҳҳор, И.Дилмуродов, Ё.Маматова, И.Исмоилова, В.Каюмова, Ш.Холматова, Д.Тешабоева, Н.Номозова, М.Иномов каби тажрибали педагоглар фаннинг турли соҳаларидан сабоқ беришди. Кейинроқ Ф.Мўминов, Х.Дўстмуҳаммад, Ҳ.Акбаров, С.Содиқ, М.Саъдий, Н.Тошпўлатова, А.Каримов, Х.Махамадалиев, Н.Қосимова, Т.Эшбек, И.Абдухолиқов каби бир қур ёшлар келиб қўшилишди. Академик Б.Назаров, халқ ёзувчиси Ў.Ҳошимов, фан доктори Ф.Мўминова, фан номзодлари О.Тошбоев, О.Ўсаров, И.Раҳматуллаева, П.Алламбергенова, спорт шарҳловчиси А.Имомхўжаев, тажрибали публицистлар Э.Шукур, Ш.Убайдуллаев ва бошқалар гарчи қисқа муддат – ярим, чорак ҳажмда, соатбай асосда ишласалар ҳам мазмундор сабоқлари, китоб, мақола, эшиттириш, кўрсатувлари билан ўзларидан яхши из қолдиришди. Дастлабки йилларда америкалик олимлардан Николас Данилофф, Ричард Шейфер, Эрик Фридман, Алфред Куперс ва бошқалар журналистиканинг турли соҳаларидан маърузалар ўқишди. АҚШнинг Бостон шаҳридаги Нордистерн университети факультет кутубхонасига 100га яқин китоб совға қилди. Бир гуруҳ олимларимиз Бостон шаҳрига бориб малака ошириб қайтишди.

2001 йилда факультетда талабалар амалиёти учун “Ҳаваскор” ўқув радиостудияси иш бошлади, англиялик ҳамкасблар асбоб-ускуналар совға қилди. Кейинроқ, тасвирга олиш ва монтаж хонасини ўзида жамлаган телестудия иш бошлади. Таълим ва ўқишдан ташқари кунлари телекўрсатув тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишиш имкони пайдо бўлди. Катта танаффус пайтида талабалар ўзлари дастур, сценарий тузиб, бошловчилик қилиб, ярим соатлик радиоэшиттириш, телекўрсатувлар қиладиган бўлишди. Телестудияда маданият, санъат, спорт каби соҳалар ривожига ҳисса қўшган Муяссар Раззоқова, Эркин Комилов, Насиба Абдуллаева, Ҳожибой Тожибоев, Гавҳар Зокирова, Ёдгор Саъдиев, Муҳаммадқодир Абдуллаев сингари таниқли шахслар билан кўрсатувлар олиниб, миллий телеканалларга бериб борилди. Бу эса талабаларнинг малакали кадрлар бўлиб етишишларига сабаб бўлди.

2007.йилда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида “Халқаро журналистика факультети талабаларининг ўқув газетасини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси асосида “Халқаро журналист” ўқув газетаси ташкил этилди. Газетага лойиҳа раҳбари Амрулло Каримов бош бўлди. Газета ойида бир марта чоп қилиниб, ҳар бир сонига битта гуруҳ масъул бўлди. Талабалар муҳаррир, мусаҳҳиҳ, дизайнер сифатида ўз амалиётларини мустаҳкамлашди. Шунингдек, “Маърифат” – “Учитель Узбекистана” газеталари билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик қўйилган. Газеталар қошидаги маҳорат мактабида ҳар йили факультетнинг ўнлаб талабалари таҳсил олишади. Факультет талабалари ташаббуси билан А.Каримов лойиҳаси асосида www.obyektiv.uz сайти фаолият юритмоқда.

Маърифатпарвар бобомиз Беҳбудий ўзбек ёшлари энг ками тўрт тилни билмоғи кераклигини орзу қилганди. Факультет талабалари тўққиз – инглиз, француз, немис, поляк, корейс, япон, хитой, араб, форс тилларини ўргана бошлашди. Корейс, япон, хитой, поляк тили марказлари ишга тушди. Бир қатор хориж мамлакатлари элчихоналари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Хорижлик кўнгилли профессор-ўқитувчилар талабаларга сабоқ беришди. Ўқишда яхши самарага эришганлар чет элларда таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлишди. Факультетда таҳсил олган иқтидорли ёшлар жамоатчилик эътиборига тушди. Динора Дўлтаеванинг мазмундор мақолалари эътироф қилинди; Индира Худойберганова иқтидорли фотограф сифатида ном қозонди; Шаҳноза Маткаримова 2002 йил май ойида журналистика бўйича республика олимпиадасида фахрли иккинчи ўринни эгаллади; Машкура Тўхтамирзаева япон тилини астойдил ўрганиб, Японияда таҳсил олди, аввал номзодлик, кейин докторлик диссертациясини ҳимоя қилди; Жамшид Умрзоқов, Ҳулкар Бўриева, Мўмин Ибодов, Дилшодбек Тўхтабеков, Ареват Григорян, Феруза Элмуродова, Нодир Шамс, Акмал Назаров, Жасур Кенгбоев, Фаррух Жабборов, Нажот Нур, Анора Содиқава, Гулмира Шукурова, Дилрабо Жуматова каби юзлаб битирувчилар соҳада самарали фаолият юритяптилар. Олимлардан Н.Жўраев, Х.Исломжонова, Ф.Мўминова, Х.Дўстмуҳаммад, М.Шарафиддинова, Д.Тешабоевалар докторлик, Н.Тошпўлатова, Н.Номозова, С.Йўлдошбекова, П.Алламберганова, А.Каримов, А.Матёқубов, М.Солиева, Д.Аминова, Б.Алимов, Г.Алимова ва бошқалар номзодлик диссертацияларини факультетда фаолият олиб борган кезларда бирин-кетин ёқладилар. Яна бир қанча олим ёқлаш арафасида.

Кўтарилиш йиллари деса бўладиган 2005-2010 йилларда факультетда 500дан ортиқ талаба, магистрантлар таълим олишар, 7 кафедра фаолият кўрсатарди. Булар: “Жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи” (Б. Дўстқораев), “Сиёсий менжмент ва халқаро журналистика” (Н. Жўраев), “Аудиовизуал журналистика” (С.Умиров), “ОАВ тили, услуби ва адабий таҳрир”(В.Қаюмова), “Хорижий тиллар” (И.Каримова), “Оммавий коммуникация ва ахборот технологиялари” (Ф.Мўминов), “Публицистика ва адабиётшунослик” (М.Шарафутдинова). Бу йилларда профессор-ўқитувчилар сони 122 тага етди. Улардан 6 нафари фан доктори, профессор, 18 нафари фан номзоди, доцент, 15 нафари фан номзоди, 29 таси катта ўқитувчи, 38 таси ўқитувчи, 9 таси чет эллик мутахассис эди. 3 киши “Республикада хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонига (С. Умиров, Б.Дўстқораев, Ш. Холматова), 1 киши “Дўстлик” ордени (Тю Тхи Ким Зунг), 5 киши “Олтин қалам” халқаро мукофотига, 1 киши “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлишган. Факультетни битириб кетган, ҳозир ўқиётган қизларнинг бир нечтаси Зулфия номидаги давлат мукофотига, талабалар Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, Алишер Навоий номидаги стипендияси совриндори бўлишган. Факультетда таҳсил олиш билан бирга олимпиада совриндорлари, Улуғбек жамғармаси, “Олтин қалам” халқаро мукофоти, “Йилнинг энг фаол журналисти”, хориж элчихоналари мукофотларига сазовор бўлганлар кўплаб топилади. Спорт мусобақалари ғолиблари, чемпионлар ҳам жуда кўп. Кўплаб иқтидорли талабалар АҚШ, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Миср, Япония, Польша, Германия университетларида ўқиб, малака ошириб қайтдилар.

Халқаро журналистика факультетини турли йилларда бошқарганлар:

  1. Г. Боқиева (1999-2000);
  2. С. Умиров (2000-2002);
  3. Х. Махамадалиев (2002-2008);
  4. С. Султонсаидова (2008-2009);
  5. А. Нурматов (2009-2015);
  6. А. Матёқубов (2015-2018);
  7. А. Каримов (2018дан –ҳ.в.).

Кейинчалик факультетда қабул квоталари камайиб, бакалавриатга 50, магистратурагага 10 та ўрин ажратиладиган бўлди. Шу боис кафедралар сони сони камайди, баъзилари қисқарди, баъзилари қўшилиб кетди, номлари ўзгарганлари ҳам бўлди, табиийки, ўқитувчилар сони ҳам камайди. Ижтимоий фанлар кафедраси умумуниверситет кафедрасига айланди, табиийки, ўқитувчилар сони ҳам қисқарди. Кейинги йилларда икки мутахассислик кафедраси фаолият юритиб, уларга А. Каримов, Н. Тошпўлатовалар мудирлик қилишди. Бир гуруҳ профессор-ўқитувчи ва ходимлар янги очилган Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникация университетига ишга таклиф этилди. Ҳозирда юқори курс талабалари, магистрантлар факультетда сабоқни давом эттиришмоқда. Факультет университет Бош биносида таълимни давом эттиришмоқда.

Факультетнинг бугунги кундаги халқаро алоқалари ҳам мустаҳкам бўлиб, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистондаги бир нечта олий таълим муассасаси билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Илмий-амалий конференциялар ўтказиш, профессор-ўқитувчиларнинг маҳорат дарсларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш каби йўналишларда иш олиб борилмоқда. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНЕСКО сингари халқаро ташкилотлар, Озарбайжон, Туркия элчихоналари билан ҳамкорлик қилинади.

Ҳозирда факультет таркибида “Халқаро журналистика назарияси ва амалиёти” (мудир ф.ф.н. О.Тошбоев), “Иккинчи чет тилларини интенсив ўқитиш” (мудир ф.ф.д., профессор Д.Тешабоева), “Ижтимоий-сиёсий фанлар” (мудир сиёсий фанлар доктори, профессор Н.Жўраев) кафедраси фаолият олиб бормоқда.

  • “Халқаро журналистика” таълим йўналиши, магистратурада “Халқаро журналистика”, “Спорт журналистикаси” мутахассисликлари бўйича кадрлар битириб чиқди. Шунингдек, 10.00.09. – Журналистика шифри бўйича илмий-педагогик кадрлар тайёрланади.

Ҳозирда факультетда қуйидаги йўналишларда кадрлар тайёрланади:

- “Халқаро журналистика (фаолият турлари бўйича)”;

- “Давлат ва нодавлат тузилмаларида ахборот хизмати”;

- “Маданиятлараро коммуникациянинг лингвистик таъминоти”. Шунингдек, “Маданиятлараро коммуникациянинг лингвистик таъминоти” мутахассислиги бўйича ҳам кадрлар тайёрланади.

 

 

Kafedralar:
XALQARO JURNALISTIKA NAZARIYASI VA AMALIYOTI
Batafsil
-->