Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 12 майдаги 401-сонли Фармони билан 1992 йилнинг 15 июнида Тошкент давлат чет тиллар педагогика институти билан Республика рус тили ва адабиёти педагогика институти негизида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ташкил этилди.
Ҳозирги кунда университетда 7 та факультет, 31 кафедралар мавжуд. Шунингдек, бакалавриат таълим йўналишлари сони – 15 та, талабалари сони – 800 нафарга яқин, магистратура мутахассисликлари сони – 13 та, талабалари сони – 300 нафарга яқин, шунингдек 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб АҚШнинг Вебстер университети билан ҳамкорликда халқаро таъсир кучга эга 1 йиллик муддатдаги магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Спортнинг кўп тури билан шуғулланиш имконини берувчи спорт мажмуасида спорт зал, спорт ядроси (югуриш йўлаги, футбол, волейбол, баскетбол ва катта тенис майдонлари билан бирга) мавжуд.
Инглиз тили 3-факультети 3 қаватли бўлиб, 37 та аудитория, 5 та маъруза заллари, 6 та компьютер хоналари, 150 ўринли маъруза зали ва 150 ўринли ошхонага эга.
Таржима назарияси ва амалиёти факультети ҳам 3 қаватли бўлиб, унда 33 та аудитория, 4 та маъруза заллари ва 8 та компьютер хонаси бор. Шунингдек мазкур факультетнинг 1-қаватида Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази жойлаштирилган.
Мукаммал таъмирдан чиқарилган ахборот-ресурс маркази ҳам 3 қаватли бўлиб, 150 ўринга мўлжалланган. Унда ўқув заллари, электрон қироатхоналар, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга хизмат кўрсатиш хоналари мавжуд. Бундан ташқари ҳар бири 330 ўринли 1 ва 2-сон талабалар турар жойлари реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирланди, 21 ўринли хорижий мутахассислар учун мўлжалланган меҳмонхона барпо этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 23 майдаги “Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1971-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 13 августдаги “Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 222-сон қарорларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Тошкент шаҳар Учтепа тумани Кичик халқа йўли кўчасида жойлашган асосий ҳудудидаги бинолари янгидан қурилди, реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирланди.
Мазкур ҳудудда 2200 ўринли ўқув-маъмурий бинода инглиз тили 1 ва 2-факультетлари жойлашган, унда 95 та аудитория, 8 та маъруза заллари, 14 та компьютер хоналари ва 1 та фаоллар зали бор.
Бу биноларнинг барчаси замонавий мебель жиҳозлари ҳамда энг сўнгги ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Ҳудуд ва унинг атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди.
Ҳозирда университетда 400 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар фаолият юритади ва 5000 нафардан ортиқ талабалар таҳсил олади. Янги бино фаолиятни тубдан ўзгартириш ва ишлаш учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди.

Бугун республикамизнинг барча таълим даргоҳларида кўтаринки кайфиятда 2018/2019 ўқув йили бошланди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ҳам янги ўқув йили талабаларни тантанали кутиб олиш маросими билан бошлаш анъанага айланган.
– Талабаларни ўз факультетларига қараб университетимиздаги ҳар бир факультет бинолари олдида алоҳида-алоҳида кутиб олиш жараёнлари бўлиб ўтди, – деди университет Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Эргаш Боборажабов. – Бу йил талабаликка қабул қилинган ёшларимиз университет ҳаётига тез ва осон мослашишлари учун 5-11 сентябрь кунлари “Биринчи курс мактаби” ташкил этилган бўлиб, дастур доираси биринчи босқичда таҳсил олувчилар ўртасида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши реджалаштирилган. Жумладан, гуруҳ мураббийлари томонидан олийгоҳимиздаги яратилган шарт-шароитлар, ўқув аудиториялари, раҳбарият биноси, кутубхона, ётоқхона, тадбирлар заллари билан таништириш, қолаверса, шаҳримизнинг турли маданий ва маънавий масканларига, хусусан, театр ва музейларга саёҳатлар уюштириш кўзда тутилган.
Давлатимиз мадҳияси ва шўх-шодон мусиқа садолари остида бу йил илк бор талабалик бахтига муяссар бўлган биринчи курс талабаларининг кўзларидаги қувонч, айниқса, кишини ўзига жалб этади.
Нафақат профессор-ўқитувчилар, балки талабалар ҳам янги ўқув йили билан ўзаро бир-бирларини қутлаб, омад тилашди.
Янги ўқув йилининг илк машғулотлари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида "Мустақиллик дарслари" ва "Маънавият соатлари" билан бошланди.
Дарсларда профессор-ўқитувчилар томонидан она Ватанимиз, истиқлол, тинч ва осойишта кунларимизнинг қадр-қиммати, ёш авлод истиқболи йўлида кўрсатилаётган бетимсол эътиборнинг моҳияти талабаларга кенг тушунтирилди.

Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида АҚШнинг Вебстер университети билан ҳамкорликда ТESL — “Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш” академик дастури бўйича ташкил этилаётган бир йиллик магистратура дастурининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдувахитов Абдужаббор Абдусатторович ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти, Вебстер университети халқаро лойиҳалар бўйича вице-президенти Питер Махер, олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда ЎзДЖТУ профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Бу дастур Америка университетининг Марказий Осиёдаги илк магистрлик таълим лойиҳаси ҳисобланади.
Мамлакатимизнинг АҚШ билан турли соҳаларда, жумладан таълим соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил сентябрь ойида Америка Қўшма Штатларига ташрифи муҳим роль ўйнади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойидаги АҚШга давлат ташрифи чоғида имзоланган икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги шартнома стратегик аҳамият касб этди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йил июль ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Вебстер университети раҳбарияти томонидан келишув имзоланди. Мазкур келишувга асосан иқтисодиётнинг турли соҳалари учун малакали мутахассис-кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги йилдан Вебстер университети Ўзбекистонда ўзининг тўлақонли фаолиятини йўлга қўяди.
Биринчи қадам сифатида Вебстер университети ЎзДЖТУ ҳузуридаги магистратура йўналиши бўйича бир йиллик академик дастурни жорий этишни, шунингдек, 2019 йил январь ойидан Тошкент давлат Иқтисодиёт университети, Тошкент ахборот технологиялари университетида MBA дастури бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўяди.
2018–2019 ўқув йилида ЎзДЖТУ ва Вебстер университети ҳамкорлигидаги магистратура дастурида иштирок этиш учун нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барча давлатларидан талабаларнинг ҳужжат топширишлари учун имконият яратилди. Магистратурага 200 дан ортиқ талабгор ҳужжат топшириб, шулардан 125 нафари танлов асосида ўқишга қабул қилинди.
Бир йиллик магистратурада ўқитиш тўлиқ Вебстер университети ўқув дастурлари асосида амалга оширилиб, машғулотлар Вебстер университетининг малакали мутахассислари билан бир қаторда ЎзДЖТУнинг махсус танловдан ўтган профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади.
Дастур доирасида ўқишларини муваффақиятли якунлаган битирувчиларга Вебстер университетининг магистрлик дипломи берилади.
Шунингдек, тадбир доирасида ОАВ ходимлари учун пресс-конференция ташкил этилди.