Yangiliklar

2018 йил 20 сентябрь куни ЎзДЖТУАхборот-ресурс марказида инглиз тилидаги китоблар дўкони “The English Bookshop” нинг очилиши бўлиб ўтди. “The English Bookshop” да Macmillan, Oxford нашриётларининг IELTS китоблари, луғатлар, дарслик, ўқув қўлланмалари ҳамда бадиий адабиётлар савдоси ташкил этилди.

Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Россия Федерациясининг Москва давлат лингвистика университети вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Москва давлат лингвистика университети ректори Краева Ирина Аркадьевна бошчилигидаги делегация аъзолари ҳамда ЎзДЖТУ профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Дастлаб меҳмонлар ЎзДЖТУ ҳаёти, таълим жараёни, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Сўнг Москва давлат университети ректори Ирина Краева ва Жаҳон тиллари университети ректори Ғанишер Раҳимов раҳбарлигида университетлар жамоаси ўзаро тор доирада мулоқот ўтказдилар.
Учрашув давомида икки олий ўқув юрти ўртасида Олий таълимнинг бакалавр босқичи талабалари учун Қўшма дастур шартномаси имзоланди.
Мазкур Қўшма дастур Лингвистика: хорижий тилларни ўқитиш назарияси ва методикаси (инглиз тили) бакалавр йўналишида малакали кадрлар тайёрлашга мўлжалланган бўлиб, таълим рус тилида олиб борилиши кўзда тутилган.
Дастурда иштирок этиш истагини билдирган талабалар МДЛУ талаблари асосида ЎзДЖТУ ҳудудида имтиҳон топширадилар. Энг камида: рус тилини В2 ва инглиз тилини В1 даражада ўзлаштирганлик синов жараёнларининг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Ушбу Қўшма дастурни муваффақиятли якунлаган битирувчилар бир пайтнинг ўзида ҳам Москва давлат лингвистика университетининг, ҳам Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг кўшма дипломига эга бўлишади.
Куннинг биринчи ярмида ташкил этилган учрашув мавзу доирасида ташкил этилган тадбир билан якунланди.
Тушликдан сўнг меҳмонлар ЎзДЖТУнинг Илмий ишлар бўйича проректори Г.Х.Бакиева билан келгусида Қўшма дастур доирасида олиб борилиши кўзда тутилган илмий лойиҳалар ҳақида фикр алмашишди.
ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

Айни кунларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Ғанишер Раҳимов Франциянинг Сержи-Понтуаз университети ва ЎзДЖТУ ўртасида таълим дастурларини ишлаб чиқишда ўзаро ёрдам, мутахассислар тайёрлаш ва илмий тадқиқот соҳаларида ўзаро кадрлар алмашинувини йўлга қўювчи ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Франциянинг Сержи-Понтуаз университетига ташриф буюрди.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Сержи-Понтуаз университети президенти Франсуа Жэрмине, Таълим ва ўқитувчилар тайёрлаш олий мактаби директори Жак Рено, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Ғанишер Рахимовлар томонидан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
– Янги шартнома доирасида, – дейди Сержи-Понтуаз университети халқаро алоқалар Департаменти бошлиғи Энора Барард, – бошланғич ва ўрта таълимда фаолият юритувчи француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш билан шуғулланувчи тьюторларни тайёрлаш, француз тили ўқитувчилари ва малака ошириш курслари тьюторлари учун мўлжалланган инновацион педагогик ресурсларни ривожлантириш, ҳорижий тилларни ўқитиш соҳасидаги педагогик муаммоларга биргаликда ечим топиш мақсадида ҳамкорликда тўгараклар юритиш, француз тили ўқитувчиларини тайёрлашга оид дастурларни биргаликда ишлаб чиқиш, француз тилини ўқитиш методикаси соҳасида изланишлар олиб бориш ва икки муассаса илмий йўналишларига оид семинар ва анжуманларни қўллаб-қувватлаш, икки муассаса ходимлари ва талабалари ўртасида ўзаро алмашинувларни йўлга қўйиш каби қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, Сержи-Понтуаз университети Париж округига кирувчи нуфузли университетлардан бири бўлиб, унда кўплаб бакалавр ва магистр мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади. Таълим ва ўқитувчилар тайёрлаш олий мактаби Сержи-Понтуаз университетининг таркибий қисми ҳисобланиб, унда бошланғич ва ўрта таълим муассасалари учун ўқитувчилар тайёрловчи муассаса ҳисобланади.
ЎзДЖТУ Матбуот хизмати

Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги янги таҳрирдаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ талабаларнинг билими 5 баллик тизимда қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
• талаба мустақил хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 5 (аъло) баҳо;
• талаба мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 4 (яхши) баҳо;
• талаба олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 3 (қониқарли) баҳо;
• талаба фан дастурини ўзлаштирмаган, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунмайди ҳамда фан бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда –2 (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланади.
Талабалар билимини назорат қилиш оралиқ ва якуний назорат турларини ўтказиш орқали амалга оширилади. Оралиқ назорат ҳар бир фан бўйича 2 мартагача ўтказилиши мумкин.
Якуний назорат тури семестр якунида (тиббиёт олий таълим муассасаларида фан якунида) ўтказилади.
Тегишли фан бўйича ўқув машғулотларини олиб борган профессор-ўқитувчи якуний назорат турини ўтказишда иштирок этиши тақиқланади.
Оралиқ назоратни топширмаган ёки “2” баҳо олган талаба якуний назорат турига киритилмайди.
Якуний назоратга кирмаган ёки киритилмаган, шунингдек ушбу “2” баҳо олган талаба академик қарздор ҳисобланади.
Бир кунда 1 тадан ортиқ фан бўйича якуний назорат тури ўтказилмайди.
Баҳолаш натижасидан норози бўлган талабалар натижа эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида факультет декани томонидан ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали