• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

ЗИЁЛИЛАР БИРДАМЛИГИ – ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

Ватаннинг шодлиги ва қайғусини кўнглига яқин олган киши ҳар қандай одамнинг қайғу ва шодлигига бефарқ қарай олмайди (В.А.Сухомлинский).

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Докторантлар уюшмаси”да 2021 йил 10-15 март кунлари, одатга кўра, докторантларнинг тақдимот семинари бўлиб ўтди. Университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Бакиева Гуландом Ҳисамовна ташаббуслари билан ҳар йили анъанага мувофиқ 6 ойда бир маротаба йўлга қўйиладиган мазкур тажриба алмашиш амалиёти жорий йил давомида уч марта ўтказиш режалаштирилган эди. Унда биринчи, иккинчи ва учинчи курс PhD ва DSc докторантларидан иборат 51 та тақдимотчилар ҳамда илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Г.Эргашева, илмий раҳбарлар, шунингдек, бошқа университетдан тажриба алмашиши учун ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этишди. Илм аҳли даврасида беғараз дўстлик, ўзини тута билиш маҳорати, нотиқлик санъати, бир оила аъзоларидек қадрдон бўлиб, бир-бирининг келажаги учун қайғуриш, йўл кўрсатиш мақсад қилинган бу тажриба мактаби фаолияти ҳар галгидек самарали натижага бой бўлди. Тешабоева Зиёдахон Қодировна, Умарова Маҳлиё Юнусовна, Мурадкасимова Камола Шухратовна сингари DSc докторант олималари ўзларининг қимматли маслаҳатлари, йўл-йўриқлари билан тадқиқотчиларни турли семинар ва ҳимоя жараёнларига руҳан тайёрлаб, илм минбари масъулияти, амалга оширилган илмий янгилакларни асослаш кўникмасини шакллантириш борасида фаоллик кўрсатдилар. Семинар сўнгида 51 та тақдимотчи докторантдан 30 фоизи турли номинациялар бўйича мукофотланди. Жумладан, “Энг яхши тақдимот соҳиби” Камбарова Маржан, Дедаханова Муаззам; “Энг яхши савол соҳиби” Азизов Солижон; “Доимий фаол докторант” Исматова Шаҳноза, “Энг ёш тадқиқотчилар” Тошпўлатова Дилдора, Душаева Умида каби тадқиқотчилар муносиб тақдирланди.

Рус адиби Л.Н.Толстой айтганидек: “Таълимга эҳтиёж ҳар бир инсонда мужассам. Халқ нафас олиш учун ҳавони қанчалик ардоқласа ва изласа, у таълимни ҳам шу қадар эъзозлайди ва излайди”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” фармонлари ижросини амалга ошириш борасида бундай семинарлар ниҳоятда аҳамияга молик. Зеро, таълим соҳасини такомиллаштириш борасида қанча-қанча халқаро битимлар, давлат бюджетидан маблағлар ажритиляпти, бироқ буларнинг ижобий самараси сизу биздек фан соҳаси ходимларига боғлиқ. “Агар яхшилаб тарбия берилса, яхшилаб совитилса, энг ҳуркак тойлардан энг учқур бедовлар чиқади”, – деган эди Плутарх. Дарҳақиқат, инсон ҳамиша ўрганишга, одил йўл кўрсатувчи, беғараз маслаҳатгўйларга муҳтож. Кўпчиликни олдида ўзини тута билиш, олимлар даврасида ҳаяжонни енгиш, камтарлик билан шу даврага хос муомала маданиятини шакллантириш борасида ушбу семинар ниҳоятда катта тажриба мактаби сифатида эътиборга лойиқ бўлди. Илм аҳли орасида дўстона илмий анжуман, баҳс-мунозаралар ташкил этиш XV асрда Ҳусайн Бойқаро, XIX асрда Умархон Амирий ташаббуслари билан йўлга қўйилиб, тарих зарварақларида унутилмас хотиралар қолдиргани бежиз эмас. Аҳиллик бор жойда тараққиёт бўлади. Олимлар, зиёлилар бир-бирини мана шундай қўллаб, руҳан мадад бериб туриши натижасида Ўзбекистон дунё миқёсидаги муносиб ўрнини эгаллаши табиий. Зеро, биз дунёни лол қолдирган буюк халқ авлодлариданмиз. Ўз иқтидори, зеҳни билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган қанчадан-қанча ўзбек асрлар оша элимиз нуфузини ошириб келган даҳоларимиз изидан бориб, чет элларда йирик мансабларни эгаллаб, бамисоли Беруний, Ж.Румий, Бобур мирзо сингари ўзга юрт довруғини кўтариб келишмоқда.

Юртимизнинг ҳар қандай жабҳасида, ҳар бир тарбиячи-устоз сидқи дилдан жонкуярлик билан ишласа, шогирдлари ўртасида аҳиллик, устоз-шогирд ўртасида чексиз ҳурмат, халқ ичида ўзини тута билиш кўникмасини шакллантириб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга ўз ҳиссасини қўша олса, юртимиз келажаги янада порлоқ бўлишига тўсқинлик қилувчи ҳеч қандай хавф қолмайди. Инсонни жамият шакллантиради, қарин дош-уруғ, дўсту биродарлар, маҳалла, жамоа, қолаверса, бу жамият унинг ўсиб-улғайишида, умргузаронлигида истасаю истамаса унга таянч бўлади, парвозига қанот беради. Шундай экан, ҳар бир биродаримизга тўғри йўл кўрсатишимиз, ватанпарварлик бурчимздир, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Чунки Ватан тараққиёти унинг ҳар бир аъзосига боғлиқ, Ватанни севиш бу халқни севиш, демакдир. Битта ўзбек юртни дунёга танитиши мумкин бўлганидек, битта бузғунчи бутун халқни иснодга қолдириши мумкин. Демак, Ўзбекистон бизнинг оиламиз, таниймизми-йўқми кимгадир ёрдам қўлини чўзсак, оила аъзоларимиз ютуғига муносиб ҳисса қўшган, ўз инсоний ютуғимизга эришган бўламиз. Ватанини севган, унинг бирон корига яраган инсон масъулиятни ҳис қилиб яшайди. Умри зое ўтмаслиги учун “Яхшилик қил, сувга сол, сув билмаса, балиқ билар; балиқ билмаса, Холиқ билар” қабилида ўзгаларга беминнат ёрдам қўлини чўзади, қимматли маслаҳатлар билан йўл-йўриқ кўрсатади. Бу хизмати билан у нафақат бир инсоннинг, балки бутун бир халқ, Ватаннинг келажаги порлоқ бўлиши учун муносиб ҳисса қўшганини ўзи ҳам сезмай қолади. Таълим бериш, эзгулик улашиш ҳаётимизда чуқур маъно касб этиши инсоний ғуруримизга ғурур қўшади. Ҳадиси шарифларда: “Фойдали илмларни ўргатувчи одамнинг гуноҳи кечирилишини сўраб, ҳар бир нарса, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар”, - дейилганидек, нафақат олимлар, балки кичик давраларда ҳам дўстона мунозаралар ташкил этиш, тажриба алмашишни такомиллаштириш жоиз. Боғча, мактаб давридан бошлаб ўзини тута билиш кўникмасини шакллантириш, олийгоҳларда ҳам бир оиладек аҳил бўлиб, нуқсонларни ҳамкорликда тузатиш борасида фаолият олиб бориш бутун жамиятни тарбиялаш билан баробардир. Ўзаро аҳиллигимиз юрт тинчлиги, Ватан тараққиётига муносиб ҳиссамиз бўлиши табиий. Хулоса сифатида А.Навоий ҳазратларининг қуйидаги мисраларини келтириш ўринли:

Нафинг агар халққа бешак эрур,

Билки, бу наф ўзингга кўпрак эрур.

 

 

1-босқич таянч докторанти

Дадаханова Марғуба

24 Mart 2021
Chop etish
-->