Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети жамоаси,
профессор-ўқитувчилари ва талабаларига
МУРОЖААТНОМА
Ҳурматли университет жамоаси – азиз профессор-ўқитувчилар, қадрли талабалар ва фидойи ходимлар!
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга оид 32 та тарихий ташаббус ва қарорлар илгари сурилди. Бу вазифалар университетимиз фаолияти учун ҳам дастуриламал аҳамият касб этади.
Қуйида белгилаб берилган барча имконият ва вазифаларни университет ҳаётига тизимли равишда жорий этишни устувор вазифа сифатида белгилаймиз.
Биз ушбу ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларни жорий этиш бўйича қуйидагиларни амалга оширишни ўз зиммамизга оламиз.
1. Жумладан, ҳар пайшанба “Ёшлар куни”ни ташкил этамиз, ўша куни Ректор ва раҳбарият иштирокида талаба-ёшлар ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказилади, ёшлар муаммолари жойида ҳал қилинади ва талабалар ташаббуслари алоҳида қўллаб-қувватланади.
2. Битирувчилар бандлигини таъминлаб, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириб борамиз, 3 та бакалавриат таълим йўналишини Германиянинг FIBA халқаро аккредитациясидан ўтказамиз, илмий салоҳиятни 45% га чиқарамиз, С1 даражали битирувчиларга 7+1 шаклида қўшимча касблар (борт кузатувчи, гид-таржимон, ҳамширалик) ўргатамиз. “Менинг биринчи касбим” ва “Келажакка қадам” дастурлари асосида университет – иш берувчи ҳамкорлигини карьера маркази орқали кучайтириб Сиз эълон қилган кредит имкониятларидан тўғри ва самарали фойдаланамиз.
Бу борада, университет битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва тадбиркорлик субъектларига ёш мутахассисларни ишга юбориш орқали қўллаб-қувватлаймиз ҳамда корхона ва ташкилотларда стажировка ўтаётган битирувчиларни рағбатлантиришни йўлга қўямиз.
3. Ёшлар тадбиркорлиги ва стартап экотизими борасида, Университет қошида “World Languages Youth Innovation & Business Hub” ташкил этилади ва у орқали: Талабалар стартапларини тижоратлаштириш ва инвесторлар билан боғлаш; “Янги авлод тадбиркорлари” дастурларида фаол иштирок этиш; Тил ўрганишга асосланган стартаплар (EdTech, AI-translation, Tourism, Export services)ни ривожлантириш; 5 нафар битирувчини ишга олган стартапларга университет грант ва инфратузилма ёрдамини қўллаш; Инклюзив таълим, хусусан алоҳида эҳтиёжга муҳтож бўлган талабалар имкониятларини тенглаштириш учун “Language for Income” интенсив дастурини йўлга қўямиз, ноширлик ва таржима стартапларини қўллаб-қувватлаймиз.
“Ёш тадбиркорлар” танловини ўтказиб, энг яхши 10 та лойиҳани брендга айлантириш учун “Ёшлар венчурс” жамғармасига тавсия этамиз.
4. Бизнес инкубация ва касбга йўналтириш борасида, Университет ҳузурида “Youth Business Incubator – LinguoTech”, Банклар билан ҳамкорликда бизнес-режа ва тадбиркорлик таълими маркази, Туризм, таржима, халқаро хизматлар, IT-тиллар бўйича тезкор касб дастурлари; Техникум ва ўқув марказлари билан ҳамкорликда тил-касб лабораториялари фаолиятини йўлга қўямиз.
5. Университетнинг 250 нафар талаба-ёшларини грантлар асосида Германиянинг Мюнхен, Франциянинг Пуатье, Сорбонна, Англиянинг Норвич, Италиянинг Ка-Фоскари, Перуджа Инсумбриа, Испаниянинг Барселона, Кадиз, Льеда Япониянинг Цукуба, Тойо, Бункё Гакуин, Кобе чет тиллар, Доккё, Хигасикава, Кореянинг Чонбук, Сунчон, Кёндонг, Хитойнинг Пекин чет тиллар, Далиан технология, Каши, Лиаодонг, Нанкин политехника, Шандонг педагогика, Жазоирнинг Ал-Вадий университетларига стажировка ўташ, қисқа ва узоқ муддатли таълим дастурлари асосида таҳсил олиш учун юборамиз.
100 нафар университет талабаларига “Work and travel” дастури орқали хорижда ишлаш ҳамда Хитой, Корея, Малайзия, Туркия, Россия, Белоруссия университетлари билан ҳамкорликда 2+2 ва 1+1 форматда қўшма таълим дастурлари орқали таҳсил олиш имкониятларини яратамиз.
6. Университетда таржимонлик Волонтёрлик маркази фаолияти йўлга қўйилади ва унга ҳар йили 1000 нафар талабани жалб қиламиз, IELTS, TOEFL онлайн дарсларини ўрганувчи гуруҳлар ташкил этилади.
7. Университет жойлашган Учтепа ва Чилонзор туманларидаги 10 та маҳаллада курслар ташкил этиб, 500 нафар ёшларга чет тилларини бепул ўргатамиз. Шунингдек, шаҳардаги 32 та мактабни оталиққа олган ҳолда, уларда чет тили кафедраларини очамиз, у ерда университетнинг 50 нафар сертификатли ёшлари томонидан 1000 нафар ўқувчиларга чет тилларини ўргатамиз.
Шунингдек, Университет базасида “Миграция ва тил ўргатиш маркази”ни ташкил этамиз. Мазкур марказда хорижга кетиш истагида бўлган 300 нафар ёшларга нафақат тил, балки миграция қонунчилиги, виза тартиблари ва меҳнат шартномаси тузиш асослари ўргатилади. Миграция агентлиги ва хорижий иш берувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда 400 нафар битирувчилар бандлиги таъминланади.
8. Ёш болали ёки фарзанд кўриш арафасидаги талаба ёшлар учун масофавий ва гибрид таълим имкониятларини жорий этамиз.
9. Университетда инклюзив таълим талаблари бўйича барча ўқув корпусларида ҳамда талабалар турар жойларида шароитлар яратилади. “Уйғун таълим” ижтимой-иқтисодий инфратузилмаси йўлга қўйилади.
10. Китобхонлик, маданият ва интеллектуал ривожланиш борасида “Global Reading Nation” сунъий интеллектга асосланган электрон таълим платформаси ишга тушади, таржима дастурларини яратиш бўйича ишлар такомиллашади. Энг яхши китобхон талабалар ва илмий тадқиқотчиларга ректор рағбати йўлга қўйилади.
Университет ахборот ресурс марказида тиллар бўйича электрон кутубхона ва аудиокитоб платформаси ишга тушади ва кутубхона фондини 5000 дона хорижий ва маҳаллий китоблар билан бойитамиз.
11. “Иккинчи имкон” лойиҳаси орқали жазони ўтаб бўлган ёшларга замонавий IT-касблар, спорт турларини ва хорижий тилларга ўқитишда масъул ташкилотларга назарий ва амалий кўмак беришга тайёрмиз.
12. Ҳар йил анъанавий тарзда Республика ва халқаро миқёсида 10 та хорижий тиллар бўйича фан олимпиадаларини ташкил қилиб 500 нафар талаба ёшларни қамраб оламиз.
13. Университетда 23000 нафардан ортиқ талабалар 22 та хорижий тилларни ўрганиб келмоқда, уларнинг 83 %ни қизлар ташкил этишини инобатга олиб, оммавий спортда қизлар улушини ошириб, чим устида хоккей, қизлар футболи, киберспорт ва бошқа 10 дан ортиқ спорт тўгараклари орқали олимпиада иштирокчиларини кашф қиламиз.
14. Бу борада, янги ўқув йилидан университетда халқаро хамширалар, биринчи тиббий ёрдам, ҳарбий тайёргарлик ва спорт фаолияти йўналишларини қўшишни илгари сурамиз.
Ҳурматли жамоа!
Юқорида қайд этилган барча 32 та ташаббус ва қарор – ёшларнинг билимли, тадбиркор, рақобатбардош ва ижтимоий фаол бўлиб етишиши учун яратилган улкан имкониятдир.
Университетимиз:
- Битирувчини ишли қиладиган,
- Стартап яратадиган,
- Чемпион тайёрлайдиган,
- Маънавият ва китобхонлик марказига айланадиган,
- Ижтимоий адолатни таъминлайдиган намунавий таълим муассасаси бўлиши шарт.
Барчангизни ушбу тарихий имкониятларни амалиётга татбиқ этишда фаол ва ташаббускор бўлишга чақираман.
Ҳурмат билан,
Ўзбекистон давлат жаҳон
тиллар университети ректори
Илхомжон Тухтасинов